Бир ойда 37 нафар туман ва шаҳар ҳокимлари алмаштирилган
Бу ҳақда Президент раҳбарлигида бўлиб ўтаётган видеоселекторда айтилди.
Йиғилишда қобилиятни аниқлаш, ўқитиш, ишини яхши йўлга қўйишга ўргатадиган яхлит тизим бўлмагани учун, айрим раҳбар кадрлар берилган вазифаларни эплай олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Мисол учун, ўтган 6 ойда билим ва кўникмалари етишмагани боис, 37 нафар туман ва шаҳар ҳокимлари алмаштирилди.
Умуман, масъул лавозимларда ўтирган раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқликларнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.
Шу боис, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиб, сўнгги 2 йил давомида чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун тайёрланди.
Йиғилишда ушбу Қонун билан белгиланаётган янги тизимнинг ҳар бир идора ва ҳудуд кесимида қандай ишлаши, бу борада турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Биринчи йўналиш – давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилади.
Сўровларда иштирок этган 50 минг аҳолининг 19 минг нафари (ёки 38 фоизи) давлат тизимига ишга киришда шаффофликни ошириш лозим, деган фикрни билдирган.
Шу муносабат билан йил якунигача:
- барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилади;
- бўш лавозимга танловда иштирок этиш учун ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжат сўралмайди, барча жараёнлар электрон шаклга ўтказилади;
- очиқ танлов орқали номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти аниқланади.
Ушбу тизим тажриба тариқасида Самарқанд вилояти ва Давлат солиқ қўмитасида синовдан ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокими ва ДСҚ раиси янги тизим орқали қандай натижаларга эришгани ҳақида ахборот берди. Уларнинг ҳисоботини тинглаб, давлатимиз раҳбари йил якунигача ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизимини барча идораларда жорий қилиш топшириғини берди.
Бунинг учун, икки ой муддатда олийгоҳлар дипломлари ва меҳнат дафтарчаларини мавжуд электрон базага тўлиқ киритиб, уни Танлов электрон платформасига интеграция қилиш вазифаси қўйилди.
Йил якунига қадар 4 мингта бўш лавозимга танлов ўтказиш топширилди.
“Ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олийгоҳлардан бошлаши зарур.
Бу тажрибани тизимли йўлга қўйиш учун ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими бир ой муддатда Ёш мутахассисларни танлаш дастурини эълон қилади.
Дастур доирасида олийгоҳларнинг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшлар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўтайди ва ўқишни тамомлагач, танлов асосида ишга қабул қилинади.
Бунда, нафақат ўзимиздаги олийгоҳ талабалари, балки нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиётган ёшларимиз ҳам қамраб олинади”, деди Президент.