“Бир сўз” элликтами?

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 31 йил тўлди. Аммо ўзбек тилининг бугунги аҳволи ҳақида қанча гапирсангиз ҳам кам.

Тилнинг ижодкори халқ. Бироқ унинг ривожланишида олимлар, ижодкорлар ва сўз санъаткорларининг роли катта. Ана шундай даҳолардан бири ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий бобомиздир.

Рус олими Н.Ильминский “Алишер Навоий она тили учун курашда ягона баҳодир жангчи эди” деб ёзганида ҳақ эди. Навоий даврида турк (ўзбек) тили бой, рангин, жозибали, бадиий безакдор бўлгани шубҳасиз. Бунинг исботи улуғ сўз санъаткорининг дилтортар ғазаллари, машҳур “Хамса”си ва бошқа асарлари 600 йил ўтган бўлса-да, бугун ҳам ўз мавқеини йўқотмаганида яққол намоён.

Бироқ бугунги кунга келиб, сўзнинг сеҳрли кучини ҳис қилмайдиган ижодкорларнинг асарлари кўпайиб кетди. Оқибатда ўқувчилар ҳам енгил-елпи китобларга ўрганиб қолишди. Бу китобларни ўқиган ёшлар ўзбек тилининг жозибасини қаердан ҳам билсин!

Шу ва шунга ўхшаган ҳолатлар юзага келиши билан тилимизга янги сўзлар кириб келяпти, айрим сўзлар йўқолиб, баъзиларининг талаффузи ўзгармоқда. Яқинда мазкур мавзуга бағишлаб “Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилган кўрсатувда таниқли олим тилимизнинг шу аҳволга келиб қолишида барчамиз айбдормиз, деди. Аммо мен бошқачароқ ўйлайман. Айтайлик, кенгликларда қўй боқиб юрган чўпоннинг бу ерда айби йўқ. Мен бу соҳадаги камчилик оммавий ахборот воситаларида, радио, телевидение ҳамда хусусий телеканаллардаги баъзи бошловчилар ва чиқиш қилаётган раҳбарлар, ходимларда, деб биламан. Уларнинг нутқида шева аломатлари, чет сўзларини қўллаш, сўзларни ўринсиз ва такрор ишлатлаш ҳолатлари учрайди. Масалан, солиқ идорасида ишлайдиган бир ходим радиодаги суҳбатида икки-уч жумлада “демак” сўзини ўн тўрт марта такрорлади. “Бир сўз билан айтганда” деди-ю элликка яқин сўз гапирди. Аввалгиларини айтмайман. Яқинда тилимизга “дебат” сўзи кириб келди. Тўғриси, бу сўзни тушунмадим. Мазмунига қараганда телевидение олиб кўрсатган учрашувни баҳс, мунозара, муҳокама, борингки, тортишув деса ҳам бўларкан. Тилимизнинг софлигига путур етмаслиги учун бундай кўрсатувни ўзбекона ном билан атаса ҳам бўлади-ку.

Адабий тилимизга бўлган ҳурмат - тўғри, равон ва соф ўзбек тилида сўзлашимиздир. Инсон нутқининг маънодорлиги, тингловчига маъқул бўлиши ҳамда сўзни ўз ўрнида қўллашимиз, китобга бўлган ҳурмат ва эътиборимизга боғлиқ.  

Қаюм Турғон,

Нуробод тумани.