Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланадими?

Саволга Паст Дарғом тумани 2-ФҲДЁ бўлими мудираси Юлдузхон Холбекова жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига кўра, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади. Тўғри, шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.

Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда, даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади. Ҳисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса, авлодлар томон — улардан бошқасига қараб олиб борилади. Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида турадилар.

Шунингдек, кодекснинг 58-моддасида ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндошлик масаласига ҳам алоҳида изоҳ берилган. Яъни, ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкин. Ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланади. Ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса, ака-ука ва опа-сингиллар ўгай ҳисобланади. Хусусан, эр-хотиннинг илгариги  никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмайди.

Бизни кузатишда давом этинг. Кейинги сафар боланинг насл-насабини белгилаш борасида мутахассис изоҳи билан танишасиз.

ДХА вилоят бошқармаси ахборот хизмати.