Бир ярим ой хатар устида: Самарқанд шаҳридаги хонадонга шунча вақтдан бери тармоқдан газ сизиб кирмоқда
Анча олдин Каттақўрғондаги газ чақнаши ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда уйи олдидан газ сизиб чиқаётгани ҳақида мутасаддиларга бир йилдан бери айтиб келаётган хонадонлардан бири охир-оқибат чақнашдан оғир аҳволга тушиб қолган эди. Одамларнинг мурожаатини тингламаган мутасаддилар бир неча кишининг ҳаёти хавф остига тушиб қолишига сабаб бўлган эди.
Бу воқеага-ку баҳо берилди кейинчалик. Аммо худди шу сценарий айни кунларда Самарқанд шаҳрида такрорланиши мумкинлиги эҳтимоли юқори. Шаҳарнинг Масжиди Қўнғироқдор маҳалласида яшовчи Фаррух Акрамов таҳририятимизга шу ҳақда мурожаат қилди.
Айтилишича, Ф.Акрамовнинг хонадонида 12 апрелдан бери атрофдан газ сизиб чиқмоқда. Оилада 7 киши яшайди ва шунча кундан бери шу вазиятда яшаб келмоқда.
- Биринчи марта газ сизиб чиққан куниёқ шаҳар газтаъминот корхонасига бориб мурожаат қилдим, - дейди у. – Корхона раҳбари “Уйингизнинг газ тармоғи устида қурмаслик керак эди”, дея ўшқиришдан бошлади гапни. Ҳолбуки, менинг уйим қурилганига 70 йилдан ошган. Аксинча, айнан газтаъминот корхонаси томонидан қоида бузилган - уйим яқинидан тармоқ тортилган. Хуллас, газтаъминот идораси ходимлари келиб ҳолатни ўрганди. Деворим орқасидан, 1,5 метр ер остидан ўтган газ тармоғидан газ сизиб чиқаётганини аниқлашди. Мазкур тармоқ 1960 йилда тортилган, табиийки, аллақачон муддатини ўтаб, авария ҳолатига келиб қолган.
Шаҳар газ идораси ходимлари муаммони ҳал қила олишмади. Газ айнан қаердан чиқаётганини топишолмади. Масалани ҳал этиш ўрнига менга ўз маслаҳатларини берганича жўнаб кетишди: “Эҳтиёт бўлинг, бу ерларни ковланг, газ кўчага чиқиб кетади шунда, тез орада келамиз”, деганича 22 кун қорасини кўрсатишмади.
Биз шу тариқа 22 кун жон ҳовучлаб яшадик. Чунки тўпланган газ истаган вақтда портлаб кетиши мумкин. 7 киши ҳовлининг нариги томонидаги битта хонада яшаб турдик.
Шунча кун ўтиб ҳам мутасаддилардан нажот бўлмагач, Ф.Акрамов вилоят “Ҳудудгаз таъминот” Самарқанд филиалига бориб, раҳбарларга мурожаат қилади. Раҳбар ўринбосари эса ваъдани беради: “Ҳал қиламиз!”. Бироқ вилоят ташкилоти раҳбарияти ваъдасига ҳам бир ой тўлмоқда.
Вазият хавфли, енгил қараб бўлмайди. Шу сабаб бу орада хонадон соҳиби ёрдам сўраб, 18 май куни вилоят ҳокими телеграм мессенжерига мурожаат йўллайди. Одатда вилоят ҳокимига ёзилган мурожаатлар қатъий назорат остида бўлади. Аммо вилоят ҳудудгаз бу сафар мурожаатни ҳал қилишнинг бошқача йўлини танлаган кўринади:
- Ҳокимнинг телеграм мессенжерига ёзганимдан сўнг масалам ҳал бўлишига қатъий ишондим. Аммо бир неча кун ўтиб, вилоят “Ҳудудгаз таъминот” филиали бошлиғи биринчи ўринбосари Ваҳоб ака деган одам менга “Аризангизни ёпишимиз керак, қўл қўйиб беринг” деганида ҳайратда қолдим. Ахир муаммони ҳал қилмай туриб қанақасига аризамни ёпишмоқчи? Хуллас, ҳеч қандай аризага қўл қўймадим. Ишонаманки, ҳокимлик аризам тақдирига яна бир бор қизиқиб кўради, - дейди Ф.Акрамов.
Шу тарзда уйидан газ сизиб чиқаётган фуқаронинг муаммоси бир ярим ойки муаммолигича турибди. Газтаъминотдагилар эса ҳали ҳамон газ сизиб чиқаётган жойни топа олган эмас.
Таҳририятдан: Мазкур мурожаатни тинглаб бизда қатор саволлар уйғонмоқда. Ўзи бу тизимда бирор бир авария содир бўлганда уни бартараф этиш муддати борми? Қаердадир газбаллон носоз чиқиб қолса ёки юқоридаги каби кимнингдир уйи остига тармоқдан газ сизиб кирса, албатта, бирор фожиа бўлгунича кутадиган соҳа мутасаддиларига қонун нима дейди? Нега фуқаро газтаъминот идораларини хабардор қилгандан кейин ҳам бир ярим ой ўтди? Нега у прокурор ва ҳоким қабулигача бориши керак. Ҳолатнинг жиддий ва хавфли эканини барча билса-ю газ соҳаси ходимлари билмаса ёки чуқурроқ ёндашмаса, демак соҳа ислоҳотга муҳтож, назаримизда.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.