Биз ЮНЕСКО танловида қатнашяпмиз

Шу йилнинг 30 октябридан 13 ноябрига қадар Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади. Ташкилотнинг ушбу олий қарор қабул қилувчи органи сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждаги бош қароргоҳидан ташқарида сессия ўтказмоқда.
Конференция давомида таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларидаги глобал стратегиялар, 2026–2029 йилларга мўлжалланган дастур ва бюджет қабул қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, маданий меросни сақлаш, сунъий интеллектнинг ахлоқий жиҳатлари ва гендер тенглиги каби долзарб масалалар муҳокама этилади. Самарқанд шаҳрининг бундай нуфузли тадбирга мезбонлик қилиши мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлик ва маданий алоқалардаги ролини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЮНЕСКО – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти 1945 йил 16 ноябрда ташкил этилган. Унинг низоми 1945 йилда Лондонда тузилган ва 1946 йилда кучга кирган. Ташкилотнинг бош мақсади таълим, фан, маданият ва коммуникатсия орқали халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали тинчликни ўрнатишга ҳисса қўшишдир.
ЮНЕСКО фаолияти инсон ҳуқуқлари, таълим сифатини ошириш, фан ва инновацияларни ривожлантириш, жаҳон маданий ва табиий меросини ҳимоя қилиш, шунингдек, фикр алмашиш эркинлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган. “Тинчлик инсон ақлий ва маънавий бирдамлиги асосида қурилиши керак” деган ғоя ташкилотнинг асосий тамойилидир. Мазкур тамойил асосида турли танловлар, тадбирлар ўтказилади.
Самарқанд давлат чет тиллар институти ЮНЕСКОнинг 2024 йилда Корея Республикаси кўмагида таъсис этилган Халқаро фуқаролик таълими мукофоти (Global Citizenship Education Prize) танловида иштирок этмоқда. Тинчликка хизмат қилувчи лойиҳаларни тақдирлашга қаратилган мукофот ҳар икки йилда бир марта икки тоифада (ёшлар ташкилотлари ва бошқа ташкилот-муассасаларга) 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти тарзида берилади.
Бизнинг институт француз филологияси кафедраси “Le français dans l'école prescolaire en Ouzbékistan” (Ўзбекистон мактабгача таълим муассасаларида француз тили) номли дастурини танловга тақдим этган. Ушбу дастур мактабгача таълим тизимига француз тилини эрта жорий этиш орқали кичик ёшдаги болаларда маданиятлараро мулоқот, бағрикенглик ва глобал фикрлаш қобилиятини шакллантиришни мақсад қилган. Зеро, ёш авлодга тил ўргатиш орқали бошқа маданиятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ЮНЕСКОнинг глобал фуқаролик таълими тамойилларига тўлиқ мос келади. Айни пайтда дастур Самарқанд шаҳридаги “Темур Файз” хусусий мактабгача таълим муассассасида татбиқ этилган. Муассасадаги франсуз тили дарслари институтимиз француз филологияси кафедрасининг малакали мутахасислари томонидан Швейцариянинг “KOKORO Lingvo” тил ўқитиш маркази дастурлари асосида амалга ошириб келинмоқда.
Улаш Бобоев,
СамДЧТИ француз филологияси кафедраси мудири, доцент.