БМТ бош котиби: “Биз фалокатга юз тутяпмиз”
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Покистонга ташрифи давомида мамлкаат бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашаркан табиат ва инсон фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Аввал айтилганидек, Покистонда бу йил табиат ҳодисаларидан мисли кўрилмаган вайронагарчиликлар содир бўлди. Кўплаб минтақаларида сув тошқинлари 33 миллионга яқин одамга зарар етказди, 1100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 1600 га яқин киши жароҳат олди. Бинолар, кўприклар ва йўллар вайрон бўлди.
БМТ раҳбари ушбу фожиада яқинларини йўқотган барчага ҳамдардлик билдирди: “Покистон ёрдамга муҳтож, мен халқаро ҳамжамиятга ушбу инқирозларга қарши туриш учун Покистон молиявий ёрдамга муҳтож эканини билдирмоқчиман. Бугунгача бўлган ҳисоб-китобларга кўра, талофатлар 30 миллиард долларга етган ва бу миқдор ўсишда давом этмоқда", деди Антонио Гутерриш.
“Покистон иқлим ўзгаришига энг кам таъсир ўтказган мамлакатлардан бўлса ҳам бу ўзгаришлардан энг кўп зарар кўрган давлатлардан бири бўлди”, — деди Антонио Гутерриш. У халқаро ҳамжамият, айниқса, чиқиндилари юқори бўлган давлатлар буни тан олиши зарурлигини таъкидлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари дунё ҳамжамиятини мамлакатнинг вайрон бўлган инфратузилмасини тиклашда ёрдам беришга чақирди.
“Биз фалокатга юз тутяпмиз”
"Фалокатга юз тутаётганимизни тан олиш вақти келди. Биз табиатга уруш очдик ва табиат ҳалокатли қасос билан жавоб берди. Бугун Покистонда содир бўлаётган воқеа эртага исталган мамлакатда содир бўлиши мумкин”, — дея огоҳлантирди Гутерриш. Шунингдек, у БМТ Покистонга гуманитар ёрдам кўрсатишини эслатиб ўтди. Бу режани амалга ошириш учун ташкилот кўнгиллилардан маблағ сўралган. БМТ бош котиби сув тошқини оқибатларини бартараф этишдаги покистон аҳолиси, мамлакатдаги нодавлат ташкилотлар ва ҳукумат томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолаган.