БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйча ҳадли конвенцияси: у аъзо давлатларга қандай мажбурият юклайди?
Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев 11-13 ноябрь кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси доирасидаги иқлим ўзгаришларига қарши курашиш бўйича Жаҳон саммитида иштирок этмоқда.
Конференцияда, шунингдек, 200 га яқин мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар даражасидаги делегациялар, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, эксперт, илмий ва жамоат доиралари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбир 1992 йилда қабул қилинган ва дунёнинг деярли барча давлатларини қамраб олган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси (CОP-29) иштирокчиларининг 29-конференцияси доирасида ташкил этилмоқда. Киото протоколи ва Париж келишуви ушбу Конвенция асослари ва ривожланиши бўйича қабул қилинган ҳужжатлардир.
Ўзбекистон 1993 йил 20 июнда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенциясига қўшилган, 1999 йилда Киото протоколини ратификация қилган. 2017 йилда Париж битимини имзолаш орқали Ўзбекистон бир қатор мажбуриятларни, жумладан, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги даражадан 35 фоизга камайтириш бўйича асосий мажбуриятларни ўз зиммасига олди.
БМТ ҳадли конвенциясининг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон иқлим бўйича мунтазам ҳисоботларни тайёрлайди ва Конвенция котибиятига тақдим этади. Шунингдек, миллий маъруза, икки йиллик ҳисоботлар, мослашиш режалари, миллий миқёсда белгиланган бадалларни ишлаб чиқади ва янгилайди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 1 декабрь куни Дубайда бўлиб ўтган CОP-28 олий даражадаги Сегментида сўзлаган нутқида иқлим ўзгариши масалалари бўйича мамлакатнинг позицияси, декарбонизация, иқлим ўзгаришига мослашиш, Орол денгиз экотизимини сақлаш ва тиклаш бўйича ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва Марказий Осиё экотизимларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро экологик ташаббусларда фаол иштирок этмоқда. Асосий вазифалардан бири жиддий зарар етган Орол денгизини экотизимини тиклашдир. Ўзбекистон БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича ўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди, унинг мақсади ушбу минтақани иқлим ўзгаришига чидамли ҳудудга айлантиришдир.
Ўзбекистон CО₂ чиқиндиларини камайтириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ва экологик таълимни ривожлантириш мақсадида ЮНЕСКО билан "Яшил таълим" дастури бўйича ҳамкорлик қилиш тарафдори.
CОР-28 ва бошқа учрашувларда мамлакат атроф-муҳит муаммоларини биргаликда ҳал қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича умумий стандартларни яратиш учун минтақадаги мамлакатларни бирлаштирган "Бир минтақа, бир овоз" стратегиясини тақдим этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларига, хусусан, "яшил" энергияни ривожлантириш, чиқиндиларни камайтириш ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш орқали эришиш мажбуриятини олди. Углеводородларга қарамликни камайтириш учун қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш лойиҳалари шулар жумласидандир.
2022 йилда Тошкентда Глобал яшил ривожланиш институтининг (GGGI) офиси очилди. Бу ушбу ташкилотнинг МДҲ ва Марказий Осиёдаги биринчи ваколатхонасидир. GGGI мамлакатларнинг "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш ва иқлим ташаббуслари орқали барқарор иқтисодий ўсишга ўтишларини қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган халқаро ташкилот ҳисобланади.
Институтнинг Ўзбекистондаги фаолиятининг асосий мақсади иқлим ўзгариши шароитида минтақанинг барқарор ривожланиши ва экологик тикланишига кўмаклашишга қаратилган. Муҳим дастурларидан бири Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилган Оролбўйи ҳудудларида "Яшил қопламалар" барпо этиш лойиҳаси бўлди. Ушбу лойиҳа Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик инқироз оқибатларини енгиб ўтиш ва Қорақалпоғистонда "яшил" технологиялар ва барқарор деҳқончилик усуллари орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган.
Иқлим дастури бошқа халқаро форматлар доирасида ҳам фаол равишда илгари сурилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида декарбонизация ва "тоза" технологияларни жорий этиш, "ақлли" қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва сувни тежаш масалаларида мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
5-6 ноябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон етакчиси иқлим ўзгариши билан боғлиқ долзарб экологик муаммоларга ечим топиш учун вазирлар даражасида Туркий экологик кенгаш тузишни тезлаштиришни таклиф қилди.
Бу ташаббусларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро экологик саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшиш ҳамда минтақа ва бутун сайёрамиз учун янада барқарор келажакни таъминлашга содиқлигини акс эттиради.
Ўзбекистон Президентининг Бокуда бўлиб ўтадиган тадбирда иштирок этиши мамлакатимизнинг "яшил" ўсиш ва ривожланишга содиқлигини, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёрлигини ҳамда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси, Киото протоколи ва Париж келишуви мақсадларига эришиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ бажаришини яна бир бор тасдиқлайди, дея хабар беради "Дунё" АА.