Боболаримиз хизмати қадр топди

Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, маърифатпарвар жадидчилик ҳаракати намояндалари қаторида бобом – Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланганини эшитиб, кўзимга ёш келди. Бутун умрини, ҳаётини маърифатга, маорифга бағишлаган шундай буюк инсон шажараси давомчиси эканимдан қалбимда жуда катта фахр, ифтихор туйдик. Бир мен эмас, бутун қариндош-уруғларимиз, Беҳбудий авлодларининг бу қувончли хабардан бошимиз кўкка етди, бир-биримизни табрикладик. Дўсту ёрларимиз ҳам қўнғироқ қилиб, самимий дил изҳорларини билдиришди.

Бу йил буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудига 145 йил тўлди. Президентимизнинг алоҳида эътиборлари билан ушбу сана кенг нишонланмоқда. Тошкентда янги очилган Адиблар хиёбонида бобомиз ҳайкали ўрнатилгани, журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилгани, Самарқанд шаҳрида уй-музей очилаётгани ва кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани улуғ аллома, жадидчилик ҳаракатининг етук намояндаси хотирасига бўлган юксак эҳтиром намунасидир.

Бобомиз ҳаётини маърифатга бағишлади, бир умр шу мақсад билан яшади. Халқни турли маърака-маросимлардан воз кечиб, фарзандларини ўқитишга чорлади. Уларга тил ўргатиш, замонавий илмлардан сабоқ беришни эртанги ёруғ келажак билан боғлади. Газета-журнал нашр этиб, халқни уйғонишга чорлади. Театр ибратхонадир, деган даъват билан илмсизлик қандай оқибатларга олиб келишини “Падаркуш”да кўрсатиб берди.

Афсуски, ўша даврнинг ўнлаб ҳурфикр кишилари, жадидлар қатори бобомиз ҳам тузум қурбони бўлди. Аммо у кишининг асарлари, мақолалари ҳамма давр ва замонларда ҳам ўз қадр-қиммати ва аҳамиятини йўқотмай, халқни маърифатга бошлаб келмоқда. Айниқса, бугун мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига, илмга жуда катта эътибор қаратилаётган бир пайтда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Ибрат сингари маърифатпарварларнинг қарашлари, улар илгари сурган ғоялар долзарб аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглаб бунга яна бир бор амин бўлдим. Президентимиз мамлакатимизнинг эртаси, тараққиёти таълим тизимига боғлиқлигини алоҳида қайд этиб, бу борада мутасадди вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар, ўқитувчи ва мураббийлар, ота-оналар олдида турган вазифаларни санаб ўтди. Энди ҳамма гап ҳар бир киши бу вазифаларни ҳис қилиб, амалга оширишга инитилишида деб ўйлайман. Шундай йўл тутсак, бундан жадид боболаримизнинг ҳам руҳи шод бўлгай.

Шоҳруҳ БЕҲБУДИЙ,

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг эвараси.