Бобур Мирзонинг қалбини ром этган Хуросоннинг ул гўзали ким эрди?
Буюк шоҳ ва саркарда, беназир шоир, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Темурийзода ҳукмдор 47 йиллик умри давомида кўплаб улуғ ишларни амалга ошириб, ўзидан беқиёс моддий ва маънавий мерос қолдирди. Шоирнинг дилбар ғазаллари, пурмаъно рубоийлари, бетакрор “Бобурнома”си, мусиқа, тарих, география илмига оид дурдона асарлари унинг нақадар серқирра истеъдод эгаси эканидан дарак беради.
Бадиий насрнинг бетакрор намунаси бўлган “Бобурнома” тарихий-мемуар асари дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатлари музейидан жой олган. Бу шоҳ асар 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган.
Тарихдан маълумки, ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туради. Хусусан, ҳукмдорларнинг ҳаётида, оламшумул зафарларида, равнақи ва ҳатто инқирозида ҳам маликалар катта ўрин тутган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг катта аёли Моҳим бегим ҳам темурийлар тарихидаги ниҳоятда хушхулқ, теран илм соҳибаси бўлган маликалардан бири эди.
Тарихий манбаларда Моҳим бегимнинг ота-онаси тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо унинг XV асрнинг охирларида Хуросонда туғилгани тахмин қилинади.
Бобур ҳам “Бобурнома“да Моҳимни никоҳига олгани ҳақида ёзар экан, қизнинг оиласи ҳақида тўхталмаган. Айрим тарихчилар Моҳим бегим Хост шаҳри ҳокими Хожа Муҳаммад Алининг синглиси бўлганини айтишади. Бобурнинг ўзи ҳам тез-тез бу шаҳарга бориб турар, унинг бир қанча фарзандлари шу ерда туғилганди.
1506 йилда Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаронинг ўлими муносабати билан бу шаҳарга келган Бобур Моҳим бегимни учратиб қолган ва уни никоҳига олган. Моҳим бегимнинг оиласи Ҳусайн Бойқаро хонадонига алоқадор бўлиши ҳам мумкин.
Мирзо Бобур ҳар соҳада Моҳим бегимга суянар, фикрларини тинглаб, оилавий муҳитнинг назоратини унга топширган эди. Унга Бобурийлар салтанатидаги энг катта унвонлардан бири – “Подшоҳ бегим” унвони берилади.
Моҳим бегим ҳам ҳусну латофатда, ҳам фаҳму фаросатда Бобур мирзонинг дидига муносиб аёл эди. Моҳим кўпгина сафарларида Бобурга ҳамроҳлик қилган. Моҳим бегим Ҳумоюндан кейин яна икки ўғил ва икки қиз – Борбул, Форуқ, Меҳр-Жаҳон бегим ва Эсон Давлат бегим исмли фарзандларни дунёга келтирган бўлса-да, улар гўдаклигидаёқ нобуд бўлишган.
Бобур ҳатто бошқа аёли дунёга келтирган фарзандларининг тарбиясини ҳам Моҳим бегимга ишонарди. Моҳим бегим зукко, камтарин ва сабрлилиги билан ажралиб турарди. У ўғли Ҳумоюн Мирзони ниҳоятда зеҳнли, жасур ва мард этиб тарбия қилган. Шу сабабли Бобурнинг ҳурматига, чексиз эътиборига сазовор бўлган эди. Бобур кичик аёли – Дилдор оғача дунёга келтирган икки фарзанди – Ҳиндол ва Гулбаданбегимни ҳам Моҳим бегим тарбия қилишини истаган.
Ўз навбатида, Гулбаданбегим ҳам ўзининг акасига бағишлаб ёзган “Ҳумоюннома” асарида Моҳим бегимни алоҳида ҳурмат ва эҳтиром ила тилга олади.
Бобур мирзо Моҳим бегимга бошқача меҳр қўйган, унинг бу муҳаббатини ҳатто пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Ҳазрати Ойиша (р.а.)га бўлган севгилари билан қиёслашарди.
Маълумотларга кўра, Бобур Ҳиндистоннинг катта қисмини эгаллаганидан сўнг, у Қобулдан Моҳим бегимни олиб келиш учун бир қанча отлиқлар ва қоровулларни юборади. Маликанинг яқинлашиб қолгани эшитган Бобур мирзо тезда унинг истиқболига ошиқади. У ҳатто отини эгарлашларини ҳам кутмасдан, ярим фарсах (тахминан тўрт чақирим) йўлни пиёда босиб ўтади. Ниҳоят, олисдан Моҳим бегимнинг маҳофаси кўринади. Буюк ҳукмдор унинг истиқболига пиёда келаётганини кўриб, Моҳим бегим ҳам маҳофадан тушади ва Бобур томон югуради. Унинг юзларини соғинч ва муҳаббат ёшлари юварди...
Бобурнинг мана бу ўтли мисралари ҳам Моҳим бегимга бўлган буюк муҳаббати туфайли яралган бўлса, не ажаб:
Сен гулсену, мен ҳақир булбулдурмен,
Сен шуъласен, ул шуълаға мен кулдурмен,
Нисбат йўқдур, деб ижтиноб айламаким,
Шаҳмен элга, вале сенга қулдурмен...
Маълумки, 1530 йил 30 декабрда Бобур вафот этади. Унинг катта ўғли Ҳумоюн йигирма уч ёшида тахтга ўтиради. У онасини ҳамиша бошига кўтарар, унинг маслаҳатларига амал қиларди. Бироқ Моҳим бегим эрининг вафотидан сўнг яна тўрт йил яшади, холос. 1534 йил 28 март куни у Агра шаҳрида дунёдан ўтади.
Айни пайтга қадар Моҳим бегимнинг қаерда дафн этилгани маълум қилинмаган. Тахминларга кўра, у даставвал Бобур мирзонинг ёнида дафн қилинган. Аммо орадан кўп ўтмай, Бобурнинг васиятига биноан унинг хоки Аградан Қобулга кўчирилади. Ўша пайтда Моҳим бегимнинг ҳам хоки Қобулга келтирилганми-йўқми, ҳали аниқланмаган...
Рустам ЖАББОРОВ,
ЎзА.