Боғбон давлат мукофотига сазовор бўлди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Президент фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида Самарқанд ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Суҳроб Жўраев ҳам бор.

“Шуҳрат” медали билан тақдирланган Суҳроб ака қатор йиллардан буён Самарқанд шаҳрининг Регистон мажмуаси яқинида жойлашган Ислом Каримов майдонида боғбон бўлиб ишлаб келади.

- Ҳар куни эрта тонгда, ҳали одамлар уйқудалик пайтидаёқ Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали пойига келиб, дуо қиламан, сўнгра ишга тушаман, - дейди “Шуҳрат ”медали соҳиби. – Бригадамиз аъзолари билан атрофни чиқинди ва барг-хазонлардан тозалаймиз. Ўриндиқларни артиб, дарахт ва гулларга сув қуямиз. Йўлаклар атрофини ҳар хил чиқиндилардан тозалаб, сўлиган гул кўчатлари ўрнига гўзаллик ва кўркамлик бахш этувчи гуллар экамиз. Кузда қовжираган хазонлардан, қишда эса қордан тозалаймиз. Чунки ҳар куни бу ерга келиб меҳнат қилишга ўрганиб қолганмиз.

Агар Ислом Каримов номли майдондан ўтган бўлсангиз, уларнинг меҳнатига албатта кўзингиз тушади. Ранг-баранг гуллар барқ уриб, дарахтлар яшнаб турибди. Ўриндиқларда шаҳримиз меҳмонлари ва сайёҳлар дам олиб ўтирибди. Атроф тоза ва озода, саранжом-саришта.         

- Бу мукофотни нафақат менга, балки кеча-кундуз халқ хизматини қилаётган, шаҳримиз озодалигини таъминлаб келаётган барча тозалик посбонларига берилган мукофот деб биламан, -дейди Суҳроб Жўраев. – Сариқ нимча кийган, кўча ва боғларни саранжом-саришта қилаётган орасталик посбонларининг иши осон эмас. Чунки улар баракали тонгни ўзларига бириктирилган ҳудудларда кутиб олишади. Атроф-муҳит ва экологияни сақлашади.

Ўттиз йилдан буён ободонлаштириш бошқармасида ишлаб келаётган С.Жўраев илк меҳнат фаолиятини 1994 йилда бошлаган. Соҳада узоқ йиллар фидойилик кўрсатиб келаётган қаҳрамонимиз 2014 йилда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан, 2022 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Бир неча йил олдин ободонлаштириш ходимларига паст назар билан қараб келишган. Маошлари кам, махсус-кийим бош ва иш қуроллари етишмасди. Қишин-ёзин тиним билмай ишлаб ҳам етарлича қадр топмаган. Бугун  эса шаҳар тозалигини сақлаб келаётган ободонлаштириш бошқармаси ходимлари меҳнати муносиб қадрланмоқда. Улар кўзга кўринмас меҳнати билан элда обрў-эътибор топмоқда. 

Саранжомлик йўқ жойда файз бўлмайди, дейди халқимиз. Буни нафақат Суҳроб Жўраев, балки шу соҳада меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар ҳам яхши билишади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.