Божхоначилар 5 ойда10 килограммга яқин гиёҳвандлик моддасини мусодара қилди

Вилоят Матбуот уйида ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Муҳаммадиев иштирок этиб, жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида божхоначилар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Унга кўра, бошқарма томонидан 5 ойда давлат бюджетига 1 триллион 485,9 миллиард сўм тушум (104,5 фоиз) қилинган. Бу даврда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 1 триллион 629,9 миллиард сўмга яқин имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилган.
- Экспорт ҳажми 458,4 миллион долларни ташкил этди, - дейди А.Муҳаммадиев. - Аниқланган 980 та ҳуқуқбузарлик сабабли 17 миллиард сўмдан зиёд товар ва транспорт воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бундан ташқари, 18 ҳолатда қарийб 10 килограмм гиёҳвандлик моддаси ушлаб қолинди. Шунингдек, 11 марта алкоголли маҳсулотларнинг ноқонуний айланмаси фош этилиб, 223,3 миллион сўмдан зиёд 2.889 литр алкоголь маҳсулотлари ҳамда 1,2 миллиард сўмлик 19.836 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолинди.
Божхоначилар, шунингдек, 1,4 млрд. сўмлик 103 487 доллари валюта қимматликлари билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларни аниқлашган.
Тадбир якунида журналистлар божхона декларацияси тўлдириш, хориждан мол-мулк олиб келиш ҳамда заргарлик буюмлари билан боғлиқ қатор саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олишди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.