Болаларни боғчаларга қамраб олишнинг имкониятларидан қандай фойдаланиляпти?
Бугунги кунда вилоят бўйича 696 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда 233 та МТТ таъмирталаб ҳолатда бўлиб, шундан 168 таси реконструкция қилишга ва 65 таси мукаммал таъмирлашга муҳтож.
Вилоят матбуот уйида журналист ва блогерлар учун бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.
- 2021 йилги инвестиция дастури бўйича 16 та мактабгача таълим ташкилотини қуриб фойдаланишга топшириш белгиланган ва 58,0 млрд. сўмга қурилиш ишларини бажариш учун шартномалар имзоланган, - деди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Зайниддин Жўраев. - Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида вилоят бўйича 1285 ўринга мўлжалланган 15 та мактабгача таълим ташкилотини янги қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Мазкур объектларнинг шартнома қиймати 23,5 млрд. сўмлик бўлиб, уларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида 6-7 ёшли болаларни бошланғич таълимга тайёрлаш учун Мактабгача таълим вазирлиги томонидан “Илм йўли” болаларни ривожлантириш, ўқитиш ва мактабга тайёрлаш бўйича вариатив дастур асосида ўқув тарбиявий машғулотлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан қўшимча 233 та гуруҳга 7 минг нафар 6 ёшли болалар қамраб олиниб, уларнинг қамрови 80 фоиздан 90 фоизгача етказиш кутилмоқда. Мазкур ташкил этиладиган гуруҳлар асосан боғча мавжуд бўлмаган ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган. Йил охиригача 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 80 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят мактабгача таълим бошқармасига шу йил жисмоний ва юридик шахслар томонидан 1260 та мурожаат келиб тушгани ҳам айтилди. Мурожаатларнинг тегишлилиги бўйича қаноатлантирилган, муаллифларга тушунтириш берилган ёки рад этилган ҳолатлар ҳам бўлган. Айни пайтда ўрганилаётган мурожаатлар ҳам бор.