Болалик ҳақида эссе

Мен туғилган юрт қушлари сайроқи, ҳаволари жонга малҳам, ҳар қаричи мукаррам – сен бўласан, Нарпайим.

 Саратонда, айни чошгоҳда “Суюнчи, уйимизда қиз бола туғилди” деб, суюнчилаётган акамга ўртоқлари ҳавас билан қарашибди. Холаларим, аммаларим бизникига югуришибди. Суюнчи бераётган кексалар “Умри билан, ризқи билан берган бўлсин”, дея дуолар қилишибди.

Нарпайим, сен бу хушхабарни эшитган момомга қўшилиб шукроналар қилгансан, бобомдек эҳсон тарқатгансан, отамга қўшилиб орзуларга берилгансан.

Меҳрлар қуршовида камолга етдим. Оламни англай бошлаганимда кўзларим сенинг бепоён кенгликларинг, тиниқ осмонинг, ҳосилдор далаларинг, барака барқ урган боғларинг, қизғалдоқлар сеп ёйган қирларинг, ранг-баранг гулларингга тушди. Мен бутун дунёни шундай гўзал деб англадим.

Ақлимни таний бошлаганимдан яхши одамлар қуршовида бўлдим. Бунда одамлар бир-бирига яхшилик соғинадилар, эзгулик тилайдилар.

Ватанга садоқат, имон, эътиқод, инсоф, одамгарчилик, оқибат, шарм-ҳаё, уят, андиша, иззат, ҳурмат каби фазилатларни дастлаб нарпайликларда кўрдим. Гўдак тасаввуримда бутун олам - Нарпайим сен, бутун одамзод нарпайликлардек эди.

Она қишлоғим - Янгисарой. Бу ернинг урф-одатлари мендаги одамийликни тарбиялади. Отам ва онам бир қишлоқдан - янгисаройлик бўлишган. Қишлоғимизнинг бир ёнида Нарпай канали, бир ёнидан Қозоқариқ, қоқ ўртасидан Дамариқ оқади. Қишлоқ Дамариқдан сув ичади. Болалик тасаввуримда ёши катталарнинг “Сайловга борамиз” дея юк машиналарига миниб, колхоз идорасига кетишгани, мени эса “ҳали ёшсан” деб, ташлаб кетишгани эсимда. Бошқа болаларни билмадим-у, аммо менинг колхоз идорасига бориб, ўша сайлов деган анжуманни жуда-жуда кўргим келарди. “Бирор қариндошимиз раҳми келиб олиб кетар”, деган умидда йўл бошидаги тошга чиқиб ўтириб олдим. Бахтимга яйловдан отини миниб, бобом келиб қолди. Бобомнинг қўлида сайлов қоғози бор экан. Бобом уйга кириб, кийимларини алмаштириб чиқди-да, оқ йўрғага мени мингаштириб сайловга йўл олди. Борсак, колхоз клубида тумонат одам ичкарига кириб, сайлов қоғозини ташлаб чиқаётир. Колхоз идораси ёнида сартарошхона бўлиб, унда ҳамқишлоғимиз ишларди. Бобом отини ариқ бўйидаги дарахтга боғлаб, менга ўзим яхши кўриб ейдиганим, қоғозга ўралган мойли ҳолвадан олиб берди ва сартарош Ашур тоғага менга қараб туришни тайинлаб, ўзи сайловга, сайлов қоғозни олиб кириб кетди. Мен эса сайловни кўришни истардим. Аммо ёш болалар у ерга қўйилмас экан. Клубда бўлаётган сайловни кўриш учун йўл излай бошладим. Сартарошхонада Ашур тоғанинг биздан икки синф юқорида ўқийдиган ўғли отасига қараб юрарди. Мен унга “Клуб деразисидан менга сайловни кўрсатсанг, қўлимдаги мойли ҳолваларни бераман”, дедим. У рози бўлди. Клуб деразаси тагига бориб, энгашиб турди. Мен унинг устига чиқиб, ичкарини, сайловни кузатдим.

Одамлар қизил парда тортилган жойга навбати билан кириб чиқар, сўнгра қўлларидаги қоғозни зал четида ўтирганларга топширарди. Улар аллақандай дафтарларга алланималарни ёзар эди. Мени кўпроқ ўша ёзувлар қизиқтирарди. Буни ўқишнинг иложи йўқ эди.

Бобом сайлов қоғозини топшириб чиқди. Сўнг дўконга кириб, новвот олиб чиқди ва мени отига мингаштириб, яна уйга томон йўлга тушди. Йўлда бобомдан сўрадим “Бобожон, сайловда нима ёздингиз?». Бобом “Бир ўрисни депутат қилиб сайладик. Аммо у ўрисни мен танимайман. Айтишларича, яхши одам эмиш”, деди.

Беш ёшимдан бошлаб мени онамнинг ота-онаси тарбиясига олди. Бу балки бизнинг уйда ёш гўдаклар кўпчилик бўлгани учун онамга ёрдам бўлсин учун кўмак сифатида олганларидир. Онамнинг онаси Санобар момомга биз набиралар “катта эна” деб мурожаат қилардик. Мен югуриб битириладиган ишларга, енгил юмушларга яраб қолганимдан роса хурсанд бўлардим. Масалан, қишлоқ чеккасида ёлғиз яшайдиган Тожинор момога ҳар эрталаб сут олиб бориб бериш, товуқларнинг тухумини пақирга териб чиқиш, чойнак-пиёлаларни ювиш, бувам даладан келсалар, махсисини ечиб, қўлларига сув қуйиб туриш каби юмушлар менинг ишим эди. Айниқса, бувимнинг оёқларини уқалаш ва ерга қараб ётганларида устига тик оёқда туриб, белларидан елкаларигача у ёқдан бу ёққа юриш ёқарди. Иккинчи жаҳон урушини кўрган бобомнинг танасида катта-кичик чандиқлар бор эди. Бу жанггоҳда бувамнинг танасини тешиб ўтган ўқларнинг изи. Битта ўқ бобомнинг ўнг елкасига тегиб, олдидан тешиб ўтган, бири қўлнинг у ёғидан тегиб, бу ёғидан чиққан, бири белидан ўтган. Иккала оёғида эса беўхшов чандиқлар кўп эди. Бу чандиқлар немис итлари тишларининг ўрни экан.

Қайсидир бир жангда немислар бувам ва унинг батальонини асир олади. Бир неча ойлик тутқунликдан сўнг бувам ва унинг дўстлари қочишга муваффақ бўлади. Буни сезиб қолган немислар уларни қувиб келади. Режа бўйича ўзларини дарёга ташлаб қочиш керак бўлган. Аммо немислардан олдин етиб келган овчарка итларга қарши бувам ва яна икки аскар ўртоғи курашиб турган. Кўпчилик ўзини дарёга ташлагандан кейин бувам ва унинг бақувват ўртоқлари ҳам сувга ташлаб қочишган. Уларнинг устидан ўқлар ёмғирдек ёғдирилган, яраларидан қон чакиллаб турса-да, совуқ сувни кечиб ўтган аскарларнинг барчаси соғ-саломат қолишган...

Аёзли қиш тунларида бувамнинг оёқлари оғрир, инграб чиқарди.

***

6 ёшли қизалоқ эдим. Февраль ойи бўлса керак, бувам ва момом рўза тутадиган бўлишди. Рўзанинг маънисини тушунмасам-да, мен ҳам рўза тутмоқчи бўлдим. Қишнинг совуқ кечасида бувам ва момомнинг шивир-шивиридан уйғондим. Иссиққина кўрпага ўраниб ётар эканман, иккиси ҳам уйғонганини сезиб, секин ўрнимдан турдим. Момом печ устида турган офтобаларнинг бирини, бобом иккинчисини олиб, чиқиб кетишди. Ташқарига чиқиб, ювиниб, таҳорат олиб келишди. Мен ҳам ўзим билганча ювиниб келдим. Момом печ устига қозончага сут солиб, чойгумни қўйиб, жойнамозларни ёзиб турган бобомнинг олдига ўтди. Уйнинг тўрида қиблага қараб номоз ўқишди. Мен печга суяниб, бобомнинг овоз чиқариб “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳи акбар” дейишлари билан кўрпачага ўраниб қотиб қоламан. Улар жойнамози - учар гиламида ўзга дунёга учиб кетгандек бўларди. Наздимда улар саждага бош қўйиб, бутун дунёни ёмонликдан қутқараётгандек туюларди.

Бобомнинг овози шундай ширали эдики, сеҳрланиб ўтирардим. Улар намозни тугатиши билан ўрнимдан туриб, таъзим билан уларга салом берардим. Бу орада ширчой тайёр бўлар, дастурхонда хурмо, майиз, ёнғоқ бўлиб, мен ҳам ўзимча меҳрибонларим билан рўза тутардим. Эрта тонгда момом менга нонушта қилиб берар, аммо ўзлари емас эди. Бобом ҳам, момом ҳам намоз ўқир, тасбеҳ ўгирарди. Эрталабдан бобом чорва молларига қараш билан, момом уй юмушлари билан банд бўларди. У пайтлар ҳали қишлоққа электр келмаган, табиий газ одамларнинг тушига ҳам кирмаган замонлар эди.

Бобомнинг ошхонаси ёнида каттагина омборхонаси бўлиб, омборхонанинг ярмида қопларда гуруч, нўхат, мош ва яна бир қанча менга номаълум дон-дунлар турарди. Омборхонанинг ярмига сомон тўшалган, унда тарвузлар, тепада осилган қовунлар ва уч-тўрт қатор симларга осилган узумлар, анорлар сақланарди. Қишда қандай сақлашганини эслолмайман-у, аммо то “илик узилди”гача, олма ва беҳи, ёнғоқ, майиз, туршакнинг кети узилмасди. Аёзли кунлар бошланганда бобом иккита қўчқорини сўйдирар, катта қозонда ўзининг ёғига қовуриб, сопол хумларга солдириб қўярди. Бу хумлар ошхона тўрида сақланарди. Қиш чилласида, айниқса, рўза чоғида момом бу гўштлардан турли таомлар тайёрлар, косаларга соларди-да, қўлимга бериб, “Ифторда дуо қилиб ейди” дея қишлоғимиз кексаларининг уйларига жўнатарди. Гўштларни тарқатар эканман, ҳамқишлоқлар томонидан берилган хурмолару майизлардан хоҳлаганча мазза қилиб ердим.

***

4-синфдалигимда германиялик мактаб ўқувчиси, немис қизи Хильдага мактуб ёзгандим. Жаҳлим чиққанидан хатни салом билан бошламаганман:

“Мен, ўзбек қаҳрамонининг набирасиман. Бувамни ҳамма паҳлавон деб ҳурмат қилишади. Сенинг немис буванг фашистдан ўтиб кетган фашист экан. Бизнинг тинч Ватанимизга бостириб келгани етмагандай, бизнинг аскарларни қамоқларга ташлаган, азоблар берган. Бувамни ва унинг бир нечта ўртоқларини асирга туширган. Бувам ва унинг сафдошлари тутқундан қочишга эришган. Бувамнинг баданида чандиқлари кўп. Уни сенинг буванг отган. Чандиқлар - ўқлар тешиб ўтган яраларнинг ўрни. Итларинг ҳам ҳақиқий немиснинг ити экан. Бувамнинг оёқларини тишлаб ташлаган. Аммо бувам барибир таслим бўлмаган. Сенинг буванг ўзи қандай одам?

Александр Сергеевич Пушкин эртагида ёзганидек:

На қизалоқ, на ўғлон,

Бадбашара бир ҳайвон.

Мени кечиргин-у, балки сенинг буванг ўзини сенга қаҳрамон қилиб кўрсатар. Ғирт ёлғон. Сенинг бувангнинг баданида чандиқлари йўқдир, оёқлари оғримас. Менинг бувам бир куни Берлинга яна бормоқчи, балки мени ҳам олиб борар. Сен ўшанда немис бувангни яшириб қўй. Йўқса, бувам уни Бресть қалъасидан улоқтириб юбормоқчи. Бувам менга “Буваларнинг гуноҳи учун набиралар жавоб бермайди, фақат уяладилар”, дейди.

Моможоним бир куни менга “Мана, сен ҳам кап-катта бўлиб қолдинг. Менга анави қирғин урушди бошлаган немисти бошлиғи, қонхўр Гитлерни аниқ отини, гўргинанг куйгурди отасини отини билиб кел!”, деди. “Гитлерди отасини оти сизга нимага керак?”, деб сўрадим. “Қарғашим учун керак. Зоти – зурриёди билан қўшиб қарғашим ва қарғишим тўғри бориб тегиши учун”, деди. “Бусиз ҳам Гитлер ўлиб кетган-ку”, дедим. “Ўлган бўлса ҳам билиб кел, гап бор”, деди. Эртасига билиб келиб, “Моможон, анави Гитлернинг отасини оти Адольф экан. Марҳамат, кампирларнинг шоҳи қарғайверсинлар!”, дедим. Момом қилаётган ишидан тўхтаб, “Ай, сен Адолипти ули Гитлер! Неча-неча кун кўрмай кетган жовқир жигитларди руҳи ҳақи, бевалару жетимлар ҳақи, ҳали ҳам эрларини кутаётган содиқлар ҳақи икки дунёнг куйсин!” деди. “Чалпагини итлар есин” деб қўшиб қўйди. Бу жуда оғир қарғиш. Бизда ўлган одамнинг арвоҳига атаб чалпак - ис пиширади.

Агар немис фашистларини қарғаш бўйича жаҳон биринчилиги ўтса, момом биринчи ўринни олиши аниқ. Момом сени момонгни қарғамайди, аммо унинг айтишича, сенинг момонг бувангга “Ҳой, Яратганнинг бандаси,бировнинг юртида сенга пишириб қўйибдими? Бировни отиб, ўлдириб нима қиласан? Ҳаромдан топганинг буюрмайди, сен ўзбекларни қарғишини олма!” демаганда.

Дарсдан қайтганимда момомга тинчлик ҳақида ёзган шеъримни ўқиб берсам, кўзида ёш билан роса дуо қилди. Бувамга ўқиб берсам, улар мактабимиз ошхонасидан ширинликлар сотиб олишим учун пул берди.

Хильда сенга мактуб ёзишимдан мақсадим дугона тополмай қолганимдан эмас. Сен ўзингнинг немисларингга биз ўзбеклар ҳақида гапириб бер. Бундан кейин буваларинг қилган хатоларни набиралари такрорламасин. Дўст бўлиб яшайлик. Биз тинчлик истаган халқмиз. Сен ўзларинг ҳақингизда ёзиб юбор.

Манзилим: Самарқанд, Нарпай, 9-мактаб 4-“А” синф,

Зулфия Мўминова.

Бу сарғайиб кетган мактуб орадан йиллар ўтиб момомнинг катта, гулдор сандиғидан топилганига қараганда Хильдага жўнатилмаган. Аммо момомнинг қимматли буюмлари, суратлари солинган альбомида сақланганидан маълумки, мактуб меҳрибонимга нимаси биландир қадрли бўлган...

***

Дугонам Холбувини жуда яхши кўраман. У менинг амакимнинг қизи бўлиб, иккимиз бир синфда ўқиймиз. Шунинг учун мактабга бирга бориб, бирга қайтамиз.

У жуда меҳрибон ва камгап. Қиш кунларининг бирида ўқиш тугаб, дарсдан чиқсак, роса қор ёғибди. Менга янги этик олиб беришгани учун этикдаман. Холбувига эса ҳали этик олиб бериб улгуришмагани учун пайпоқ билан калишда. Қишлоғимиз мактабдан узоқда жойлашган. Оралиқ бир ярим соатлик йўл. Мактабдан чиқиб, сал йўл юриб қарасам, Холбувининг оёғидан совуқ ўтиб, юзлари қизариб кетяпти.

Шунда “Холбувижон, оёғим қизиб кетяпти. Кел менга калишингни бериб, менинг этигимни кия қол”, дедим. У эса “Йўқ, сени тез-тез томоғинг оғрийди, этигингни менга берсанг, шамоллаб касал бўлиб қоласан”, деди. Унга ичим ачир, нима қилишни билмайман. “Мана, кўрасан, биз уйга борсак, сенга этик олиб келишган бўлади”, дейман умид билан. Дарёга яқинлашганимизда изғирин кучайди. Тоқат қилолмадим, унга “Тўхта, менга калишингнинг бир пойини бер, мен сенга этигимнинг бир пойини”, дедим. У бунга рози бўлди. Биз икки дўст бир оёғимизда калиш, бир оёғимизда этик билан қишлоққа кириб борганимизни кўрганлар “Чин дўстлар” деб роса мақташган. Уйга борсак, Холбувига ҳам янги этик олиб келишган экан. Эртаси куни томоғим оғриб, мактабга бораолмай қолдим. У мени кўришга келиб, “Зулпияжон, сен мени деб касал бўлиб қолдингми? Мен дарсларни тайёрлашингда ёрдам бераман. Барча мавзуларни сенга ўқитувчи айтгандек тушунтириб бераман”, деди. Биринчи куни дарсдан қайтиб келиб, “Мен сени йўл бўйи соғиндим, мактабда ҳам соғиндим. Энди ҳеч ҳам касал бўлмагин” деб йиғлади. Дўстимнинг гаплари кўнглимни юмшатди. Чунки мен ҳам уни мактабдан келгунича соғиниб қолган эдим.

***

Юқори синфда ўқиётганимизда дугонам Холбуви жисмоний тарбия дарсидан узунликка сакраш бўйича имтиҳон топшира олмади. Ўқитувчимиз Сайдилла муаллим жуда қаттиққўл бўлиб, синфимиздан яна саккизта, Холбуви билан тўққизта ўқувчининг баҳосини қўйиб бермади. Қолган ҳаммамиз топширганмиз.

Мен синф сардориман. Ўқув чораги якунига етиб боряпти ҳамки, бечора тўққиз синфдош имтиҳонни топширолмасди. Бир куни танаффусда Холбуви менга “Сен синф бошисан, қандайдир йўлини топ! Мен жисмоний тарбиядан баҳойимни олайин”, деди. Мен унга “Мана, Янги йил келяпти, ўқитувчига совға қилсак, балога қолиб, “порахўр” деган ном оламиз. Аммо унинг болалари кўп. Сен уйдагиларга айтиб, битта арча олдир. Иккимиз арчани ўқитувчининг уйига, болаларига олиб бориб берамиз. Болалари арча атрофида айланиб ўйинга тушса, муаллим сенга баҳо қўйиб юборади”, дедим. Иш шунча осон кечишидан хурсанд бўлган Холбуви орадан уч кун ўтиб, отасига айтиб қишлоғимиздан унча узоқ бўлмаган ўрмон хўжалигидан ям-яшил арча олдириб келди. У “Кел, битта қоғозга гуллар чизиб, арчага ушбу совға Зулфиядан ва Холбувидан” деб ёзиб қўямиз. Чунки сен баҳони олгансан. Шундай деб ёзмасак, менинг бу хатти-ҳаракатим баҳо учунлиги билиниб, муаллим баттар жаҳлдор бўлиб кетади”, деди. Исмимни арчага тиқиштириш унча ёқмаса-да, синф сардори сифатида рози бўлдим.

 Эртаси куни биз арчани кўтариб, ўқитувчиникига йўл олдик. Олдинда арчани кўтариб олган Холбуви, орқада мен ўз сумкамни ва унинг сумкасини кўтариб олганман. Ўқитувчининг уйи янги қурилган уйлардан бўлиб, қишлоғимиздан анча олисда, темир йўл тарафда экан. Сўраб-суриштириб топиб бордик. Чиройли дарвозани чиройли аёл - жисмоний тарбия фани ўқитувчимизнинг хотини очди. Очиши билан биз бараварига “Ассалому алайкум, Янги йилингиз муборак бўлсин!”, дедик. Аёл “Ҳа, яна арчами?” деди ва дарвозани ланг очди. Ичкарида девор ёқалаб қатор қилиб саккизта арча, яъни Холбуви каби топширолмаганларнинг арчалари турар, уларнинг ҳар бирига “Зулфиядан, Рисолатдан”, “Зулфиядан, Отамуроддан”, “Зулфиядан, Тожинордан” деган гулқоғозлар илинган турарди. Биз улар ёнига арчани қўйдиг-у, тезда ўқитувчининг уйидан чиқиб кетдик.

Эртасига билдимки, мен Холбувига маслаҳат бераётганимда синфдаги қолган барча топширолмаган ўқувчилар ҳам эшитиб, бу маслаҳатни ўзи учун ягона йўл деб ўйлаб, аллақачон арчаларни ўқитувчининг уйига элтиб қўйишган экан. Эртаси куни мени ва тўққиз нафар синфдошларимни мактаб директори Раззоқ Худоёровичнинг хонасига чақиришди. Не кўз билан кўрайликки, директорнинг хонасида қатор қилиб терилган бизнинг арчалар турар, думалоқ стол атрофида жисмоний тарбия ўқитувчимиз, синф раҳбаримиз ва директор ўринбосарлари ўтиришарди. Хонадаги сукунатдан сездикки, синфдошларимга берган маслаҳатим жиноий жавобгарлик даражасидаги салбий оқибатга олиб келибди. Бу ҳолатга менинг алоқам йўқ дея олмайман. Чунки яшил арчалардаги гулқоғозларда исмим турарди. Директор ўшанда узундан-узоқ тарбиявий соат ўтгани ва ҳамманинг арчасини қўлига бериб “Уйларингга олиб кетасизлар, ҳар бирингиз жисмоний тарбиядан узунликка сакраш бўйича қайтадан имтиҳон топширасизлар!”, дегани ҳамон ёдимда.

Эҳ, синфдошлар! Ахир Холбувига берган маслаҳатимни шунчалар қулоқларинг динг бўлиб эшитганларингни, арчаларни биздан олдин ўқитувчининг уйига ғизиллатиб олиб боришларингни билганимда эди...

Директорнинг хонасидан чиқдим-у шалпайиб, арча кўтариб олган синфдошларимга қараб йиғлаб юбордим. Улар эса “Бизни кечир Зулпи, сендан сўрамай исмингни гулқоғозларга ёзиб юбордик, биз қаёқдан билайлик? Ишлар тескари кетиб қолди”, дейишди. Синфга келсак, синфдошлар бизларни масхара қилиб, роса кулишди. Аввалига хафа бўлдик, сўнг биз ҳам уларга қўшилиб кулиб, ўйнаб кетдик.

Мана, орадан ўттиз беш йилдан ортиқ вақт ўтди. Ҳамон синфдошларим Янги йил арафасида менга интернетдан тўққиз дона яшил арчанинг суратини юборишади. Табрик ёнига гуллар суратини чизиб, “Сени яхши кўрамиз “ЖТ”чилар” деб қўйишади. “Мен ҳам сизларни яхши кўраман, менинг беғуборларим”, дейман соғинч билан.

Зулфия МЎМИНОВА,

шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.