“Бошқача тақвим” асосида яшаб келаётган замонавий 5 давлат
Замонавий дунёда бизга таниш 12 ойга бўлинган, 365 кундан иборат тақвим (Григориан тақвими)дан фойдаланмайдиган мамлакатлар борлигини эшитганмисиз?
Ушбу мақоламизда бундай мамлакатлар ва уларнинг ғайриоддий календарлари ҳақида маълумот берамиз.
Исроилда расмий равишда Григориан тақвими билан бир қаторда қадимги иброний тақвим ҳам қўлланилади
Исроилда кўплаб анъанавий байрамлар милоддан аввалги 3761 йилнинг 7 октябрь, душанба кунидан бошлаб ҳисобланадиган яҳудийлар тақвимига кўра нишонланади. Бу сана “биринчи янги ой чиққан кун” дейилади, бу календардаги ҳар ой ҳам, ҳар йил ҳам ҳилол чиққанда бошланади. Йил боши эса фақат душанба, сешанба, пайшанба ва шанба кунлари бўлиши керак. Янги йилнинг биринчи куни ҳафтанинг мос бўлмаган кунига тўғри келиб қолса, эски йил керакли кун келгунга қадар узайтирилади.
Эфиопия бошқалардан 8 йил орқада
Ушбу Африка мамлакатининг тақвимида ойлар ғайриоддий тарзда жойлаштирилган бўлиб, улар 12 та эмас, балки 13 тани ташкил қилади. Бундан ташқари, биринчи ўн икки ой бир хил – 30 кундан, охирги ўн учинчи ой эса жуда қисқа – атиги 5 ёки 6 кундан иборат.
Ҳозирги вақтда Эфиопия нафақат черковда, балки дунёвий ҳаётда ҳам Юлиан тақвимини қўллаб келаётган дунёдаги ягона давлатдир. Шу сабабли бу давлат бизнинг одатий календаримиздан етти йилу саккиз ой орқада, яъни 2014 йилда яшаб келмоқда.
Покистонда ислом тақвимидан фойдаланилади
Ҳисоб-китоблар Муҳаммад пайғамбаримизнинг Мадинага келган кунидан бошлаб давом этаётгани сабабли бу "энг ёш" тақвимлардан биридир. Ой осмонда мусулмон динининг муҳим рамзларидан бири - Ярим ой пайдо бўлганидан кейин бошланади.
Қизиғи, бундай тақвим асосидаги йил астрономик йилга қараганда қисқароқ, шу сабабли аста-секин содир бўладиган силжишлар туфайли айтайлик, қиш ойлари кузга айланади.
Эрон ва Афғонистонда форс календари қўлланилади
Қизиғи шундаки, уни яратилишида буюк шоир Умар Ҳайём қатнашган. Бу тақвимнинг бошланиш нуқтаси Покистоннинг тақвимида бўлганидек, бир хил воқеадир. Бироқ, у аниқроқ, яъни йил 365 кун давом этади, шу сабабли асрлар давомида бу икки тақвим бир-биридан 43 йилга узоқлашган.
Хитой тақвими Хитой, Вьетнам, Камбоджа ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатларида қўлланилади
Бу ердаги вақт ҳисобланиши император Ҳуанг Ди ҳукмронлиги даврида бошланган. Ҳисоб-китоблар Юпитернинг Қуёш атрофида айланиш даврига асосланади. Бу гигант сайёра 12 йил ичида бир марта айланади ва ҳар 12 йилнинг ҳаммамизга таниш Аждаҳо, Йўлбарс, Маймун... каби ўз номлари бор.
***
Замонавий дунёда яна кўплаб “бошқача” календарлар бор. Тез орада биз улар ҳақида ҳам ёзамиз.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.