70 йил тахтда: "Давр рамзи" — Елизавета II фаолиятига назар
Лондон марказида байроқлар туширилган. “Қиролича Балморал қасрида тинчгина вафот этди”, — дейилади Букингем саройи баёнотида. Монархнинг ўлими ҳақидаги хабар нафақат Британия фуқароларини қайғуга солди. Дунёнинг турли бурчакларидан сиёсатчилар ҳамдардлик билдирмоқда. Елизавета II мероси ҳақида гап кетганда, энг кўп “давр тимсоли”, “чексиз садоқат”, “халққа хизмат” сўзлари янграйди.
Европа Кенгаши раҳбари Чарльз Мишелнинг сўзларига кўра, қиролича ўз ҳукмронлиги даврида абадий қадриятлар муҳимлигини исботлади. "Жамият унинг кўз ўнгида ўзгариб борарди, лекин у кўпчиликка куч бағишлаган хотиржамлик ва фидойилик маёғи эди", деди Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Леен.
Европа дипломатияси раҳбари Хосеп Борреллот қироличанинг урушдан кейинги ўн йилликларда Европада тинчлик ўрнатишга қўшган ҳиссасини қайд этди. Германия канцлери Олаф Шольц ҳам унинг Британия-Германия ярашувидаги ролига ишора қилиб, Елизавета II нинг ҳазилларини соғинишини қўшимча қилди.
Эммануэль Макрон олий ҳазратларини “француз халқининг дўсти” ва “тоза қалбли инсон” деб атади. У 70 йил давомида Британия халқини тимсол қилди, деб эслади Франция президенти.
Қиролича Миллатлар Ҳамдўстлигига аъзо 16 мустақил давлатга раҳбарлик қилган. Канада Бош вазири Жастин Трюдо канадаликлар ҳаётидаги алоҳида роли ҳақида гапирди.
Қироличанинг вафоти муносабати билан Европа қироллик хонадонлари вакиллари, Рим папаси Франциск, АҚШнинг собиқ президентлари Барак Обама ва Дональд Трамп ва бошқалар ҳамдардлик билдирди.
70 йил тахтда
Қиролича Елизавета II ўзидан олдингиларга қараганда узоқ тахтда ўтирди. У 1952 йилда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироличаси бўлди.
Елизавета 1926 йилда дунёга келди ва деярли тасодифан тахт ворисига айланди. Амакиси Эдвард VIII 1936 йилда тахтни отаси Жорж VI га топшириши билан унинг тақдири бутунлай ўзгарди ва 25 ёшида Елизавета тож кийди.
Миллатлар Ҳамдўстлиги раҳбари сифатида у дунёнинг энг чекка бурчакларига сон-саноқсиз саёҳатларни амалга оширди. Унга барқарорлик кафолати сифатида қарашди. Ўзининг қатъий бурч ҳисси билан машҳур қиролича узоқ ҳукмронлиги даврида бошқа дунё етакчиларига қараганда кўпроқ хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашди.
Аммо унинг тахтда бўлиши баъзи зарбалар билан ҳамоҳанг бўлди. 1992 йилда унинг учта фарзанди шаҳзода Эндрю, малика Анна ва тахт вориси шаҳзода Чарльз турмуш ўртоқлари билан ажрашишди. Уларнинг шахсий ҳаёти беадаб сариқ матбуот эътиборига тушди. Қирол оиласининг обрўси йўқ қилинди. Ёнғин эса оила қароргоҳи Виндзор қалъасини вайрон қилди. У солиқ тўловчиларнинг қаршилигини енгиб ўтгандан кейингина тикланди. Қиролича 1992 йилни даҳшатли йил деб атади ва уни эслашни ёқтирмасди.
Британия монархиясининг обрўсига яна бир зарба 1997 йилда малика Диананинг ўлими бўлди. Жамият ўз ҳайратини яширмади. Аммо қиролича ўзининг одатий босиқлигини сақлаган ҳолда Шотландия қалъасида қолди. Шундай қилиб, сарой ва жамоатчилик фикри ўртасида маълум масофа пайдо бўлди. Аммо қиролича тез орада Лондонга ва ўз фуқароларининг қалбига қайтиб келди.
Монархия бўронга дош берди. Қироллик оиласининг машҳурлиги қироличанинг неваралари туфайли янги чўққиларга кўтарилди. Шаҳзода Уильям ва Гарри халқ орасидаги аёллар билан турмуш қурди. Монархия қиёфасини модернизация қилди ва омма эътиборида бўлган янги авлодни дунёга келтирди.
Аммо 2020 йилда сариқ матбуотда бувисини Меганга нисбатан ёмон муносабатда, қўрқитиш ва ирқчиликда айблаб шаҳзода Гарри ва Меган Маркл оилани тарк этишди.
Шаҳзода Филипп қувончда ҳам, қайғуда ҳам малика ёнида эди. Улар турмуш қурганига 73 йил бўлди, шаҳзода-консорт 2021 йил апрель ойида, салкам 100 ёшда вафот этди. Қироличанинг сўзларига кўра, Филипп унинг куч манбаи эди.
Қиролича Елизавета II кучли, ишончли ва садоқатли эди. Ва одамлар уни шу учун севишган. Унинг ҳукмронлигининг 70 йиллигида халқ ўз миннатдорчилигини билдирди. Тўрт кунлик байрамлар ва парадлар катта иқтисодий ва сиёсий қийинчиликлар даврида қувонч келтирди. Бетоблиги сабабли қиролича бу тадбирларда қатнашолмади. Аммо у ўз фуқароларини кутиб олиш учун машҳур сарой балконида пайдо бўлди.
Бу халқнинг ўз маликасига бўлган муҳаббатининг энг ёрқин тимсоли.
Г.Холдорова тайёрлади.