"Бу — қимматга тушади": Украинага чегараси яқинига қўшин юборилиши ортидан НАТО — Россия ўртасида вазият жиддийлашмоқда
НАТО Россиянинг Украинага нисбатан ниятини билмаса-да, Москва томонидан ушбу давлатга қарши ҳарбий куч ишлатиш эҳтимолига тайёр турмоқда.
Бу ҳақда альянс бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг биринчи йиғилиш якунларида маълум қилди. Йиғилиш иштирокчилари Украинага тажовуз содир бўлган тақдирда Россияга қарши иқтисодий санкциялар ва сиёсий чоралар жорий этишни муҳокама қилишди.
Йенс Столтенберг, НАТО Бош котиби: "Россиянинг мустақил суверен давлат - Украинага қарши яна куч ишлатиши қимматга тушади. Биз оғир иқтисодий, молиявий ва сиёсий санкцияларни қўллашга қодирлигимизни намойиш этдик".
Москва эса Украинага нисбатан ҳар қандай агрессив режаларни рад этмоқда. Шу билан бирга, Россия президенти Владимир Путин НАТОнинг Украинага ҳарбий инфратузилмасини кенгайтириши Россия учун “қизил чизиқ”қа айланиши мумкинлигини айтди.
Владимир Путин, Россия Президенти: "Украина ҳудудида зарба комплекслари пайдо бўлса, Москвагача учиш вақти етти-ўн дақиқа, агар гипертовушли қуроллар жойлаштирилса - беш дақиқа кифоя бўлади. Биз нима қилишимиз керак? Бизга таҳдид қилганларга шунга ўхшаш нимадир яратишимиз керак бўлади. Ва биз буни ҳозироқ қила оламиз".
НАТО Россия билан муносабатларда икки томонлама ёндашувга амал қилишда давом этаётганини таъкидлади. У ҳам бўлса тиймоқ ва мулоқот. Бугун, 1 декабрь куни шимолий атлантика альянси мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украина ва Грузия ташқи ишлар вазирлари билан Қора денгиз минтақасидаги вазиятни ҳам муҳокама қилади.