ННТ: Бу йил 1 миллиард сўм эди, 2022 йилда 2,5 миллиард сўм ажратилади

Самарқанддаги нодавлат нотижорат ташкилотлари узоқ йиллар давомида бизнинг ҳам ўз томимиз бўлсин, деган мазмундаги таклифларни вилоятдан тортиб, республика раҳбарларига қадар айтилган эди. Ва ниҳоят, орадан ўн йиллар ўтиб, уларнинг бу ниятлари ўтган йилнинг баҳор ойларида амалга ошди.

Самарқандда тўрт қаватли, барча замонавий шарт-шароитларга эга бўлган «Дўстлик уйи» нодавлат нотижорат ташкилотларининг чинакам уйига айланди.
Хўш, бугун ушбу «уй»да истиқомат қилаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар, миллий маданий марказлар ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўлмоқда, улар мавжуд имкониятлардан қандай фойдаланяпти?

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари «Дўстлик уйи»да ўтказилган пресс-турда шу каби маълумотлардан хабардор бўлишди.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг раиси Фармон Тошев журналистларга ННТлар ҳақида маълумот берар экан, бугун ушбу соҳада 9 мингга яқин киши меҳнат қилаётганини айтиб ўтди. Вилоятда ижтимоий ҳаётнинг деярли барча қатламларини қамраб олган 787 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 685 таси республика нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий бўлимлари ҳисобланади. 102 таси фуқароларнинг ўз ташаббуси билан ташкил этилган.

«Дўстлик уйи»да 50 га яқин ННТ ҳамда вилоятда фаолият кўрсатаётган 11 та миллий-маданий марказлар жойлашган. Бу ерда тўртта мажлислар зали, музей, коворкинг маркази ва бошқа қулайликлар мавжуд.

- Бу йил вилоят халқ депутатлари кенгаши ҳузурида ҳам жамоат фонди ташкил этилиб, 1 миллиард сўмга яқин грантлар ажратилди, - дейди ушбу фонд раҳбари Д.Маликов. – 60 га яқин лойиҳалар ичидан 27 нафарига турли йўналишлар бўйича энг ками 30 миллион сўм миқдоридаги грантлар ажратилди. Келгуси йили маҳаллий бюджетдан ушбу маблағ 2,5 миллиард сўмга етказилиши режалаштирилган. Яъни, келаси йили нодавлат нотижорат ташкилотларида нафақат грант, балки субсидиялар олиш имкони ҳам пайдо бўлади.
Грант ютган лойиҳалар орасида Оқдарё туманида инновацион кутубхона, SOS болалар уйида жонли бурчак ташкил қилинган, зўравонликка учраган хотин-қизларнинг реинтеграциясига ёрдам бераётган қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари бор.

Гулруҳ МЎМИНОВА.