Бу йил мактабга борадиган болаларга қўшимча машғулотлар қандай ташкил этилади?
- Набирам боғчанинг тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиси, бу йил биринчи синфга боради. Карантин сабаб ҳозир уйда. Мени ўйлантиргани, уни мактабга тайёрлаш қай тартибда ташкил этилади?
Холида Мирзаева,
Булунғур тумани.
- Коронавирус пандемияси сабаб бугун боғчаларимиз фаолияти вақтинчалик тўхтаган бўлса-да, тарбияланувчилар доимий эътиборимизда. Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда “Болажон” телеканали томонидан тайёрланган дастурлар намойиш этилиб, вилоят мактабгача таълим бошқармасининг “Ота-оналар ва педагоглар ҳамкорлиги” ҳамда ҳар бир туманларда ташкил этилган телеграм гуруҳлари томонидан масофавий машғулотлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда вилоятимизда 61 минг 265 нафар 6 ёшли болалар мактабгача таълим тизимига қамраб олинган. Уларнинг 13 минг 330 нафари мактабгача таълим ташкилотларининг тўлиқ кунли мактабга тайёрлов гуруҳларига, 24 минг 20 нафари давлат мактабгача таълим ташкилотидаги қисқа муддатли гуруҳларга, 577 нафари нодавлат, 733 нафари давлат-хусусий шерикликдаги ҳамда 3 минг 357 нафари оилавий мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланади.
Уларни мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида мактабгача таълим вазирлиги томонидан давлат боғчаларида тарбияланувчи 6-7 ёшли болаларга мўлжалланган иш дафтари тарқатилди. Мазкур иш дафтари ёзув қобилиятини ривожлантириш қўлланмаси ҳисобланиб, у 6-7 ёшли болаларда кенг доирадаги мантиқий таснифлаш, таҳлил, синтез, таққослаш, кузатувчанлик, хулоса чиқаришни шакллантириш, ёзиш, 1 дан 20 гача бўлган ҳисобда математик амалларни бажариш, ўқиш кўникмаси ва саводхонликни ошириш, ижодий фаолиятни ривожлантиришга қаратилган топшириқларни ўз ичига олади. Болалар берилган топшириқларни катталар ёрдамида ёки мустақил тарзда бажариши мумкин.
Шунингдек, «Болажон» канали орқали бериб борилаётган 6 ёшлилар учун «Ақлвой» кўрсатувлари давлат дастури асосида тайёрланган бўлиб, у болаларнинг атроф оламни ўрганиш ва таълим олиш, ўқиш, ижодий мантиқий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган.
Саволга Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Азизова жавоб берди.