Бугун ҳеч ким ижодкорга “уни ёз, буни ёз” деб кўрсатма бермайди

Адабиёт ва санъатнинг инсоният ақлу тафаккурига, руҳиятига таъсири беқиёс. Шу боис гуманистик ғоялар қарор топган жамиятларда, инсон қадр-қиммати эъзоз топаётган, ҳақ-ҳуқуқлари пойдор бўлаётган мамлакатларда ижод аҳлига алоҳида эътибор қаратилган.

Глобаллашув жараёнлари кечаётган бугунги кунларда, айниқса, ёшлар онгу тафаккурига ёт ғояларнинг тўғридан-тўғри кириб бораётганлиги сир эмас. Бугун жамиятда адабиёт ва санъатнинг роли ҳар қачонгидан кўра янада муҳимроқ мазмун касб этаётганлиги табиий ҳол.

Кейинги социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг нуфузи мустақилликдан сўнг 70 фоизга кўпайган. Шунингдек, бир тузумдан иккинчи тузумга ўтиш даврида муайян бир маънавий, маърифий бўшлиқни юзага келтирганлиги бир қатор долзарб муаммоларни кун тартибига чиқардики, булар ижод аҳли зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Мазкур масалаларнинг ижросини  йўл-йўлакай ҳал этиб бўлмайди, албатта. “Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентимиз Қарори бу борадаги дадил қадам бўлди.

Кейинги тўрт-беш йилда давлатимиз томонидан ижодкорларга қилинаётган ғамхўрликлар, жумладан “Ижод” жамоат фондининг тузилиши, улуғ адибларимизнинг номи билан аталадиган ижодий мактабларнинг ташкил этилиши, пойтахтимизда Адиблар хиёбони, вилоят марказларида маданият ва истироҳат боғларининг барпо этилиши, ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилаётганлиги ва бошқа тадбирлар келгусида адабиётимиз ривожланишини белгилаб бериши шубҳасиз.

Кейинги йилларда давлатимиз шахсан Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар умуммиллий уйғониш ҳаракатини бошлаб бергани билан аҳамиятлидир.

Тарих – олий ҳакам. Бугунги воқелигимиз гўёки шонли тарихимизнинг мантиқий давомидек туюлади. 150 йиллик мўғул босқинидан сўнг Амир Темурнинг тарих саҳнасига кўтарилиши Мовароуннаҳр ва Хуросонда иккинчи Ренессансни бошлаб берган эди. Худди шу каби биз 125 йилдан сал зиёдроқ вақт мобайнида навбатдаги босқиндан сўнг истиқлолга эришдик. Мустақилликдан кейинги қатор йиллар депсиниш даври бўлди. Табиийки, тафаккур қарамлигидан қутулиш ҳам осон кечмайди. Шу боис илм ва ижод соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.

Ҳар бир даврнинг ўз ғоялари бўлганидек ўз шакллари бўлиши ҳам тарихий заруратдир. Кечаги тузумдагидек бугун ҳеч ким ижодкорга “уни ёз, буни ёз” деб кўрсатма бермайди. Ана шу эркинлик – ижодкорга берилган олий имтиёздир. Ҳозирги адабиёт мумтоз адабиёт ҳамда жаҳон адабиётининг ҳаётбахш анъаналарини ўзлаштирмоқда, яратилаётган асарларда шу анъаналарга содиқлик кўзга ташланмоқда. Инсон кайфияти, орзу интилишлари замонни ўзгартиради, табиийки, замондаги ўзгаришлар адабиётнинг янгиланишини ҳам талаб этади. Ҳозирга қадар яратилган бадиият дурдоналарини ўқишга бир умр камлик қилади. Бироқ бугунги адабиёт ўз даврининг бадиий солномаси бўлиб қолиши зарур. Шу учун унда турли замон ва маконларда рўй берган воқеа-ҳодисалар акс этаётган бўлса-да, буларнинг бари бугуннинг дардлари билан узвий боғланган. Чунки ижодкор маълум жамиятда яшар экан, энг аввало, биринчи кузатув, ўрганиш, хулоса чиқаришни ўз муҳитидан олади. Бу борада самарали ижод қилаётган кўплаб устоз мақомидаги ва ўнлаб ёш ижодкорларнинг номларини эътироф этиш мумкин.

Шу маънода мамлакатимизда ижод аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрликлар  ва рағбатлантиришлар яқин орада ўзининг ижобий ва ижодий ҳосилини беражагига умид билдириш мумкин. Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор “Келажакда ўзбек адабиёти буюк адабиёт бўлади”, деб башорат қилган эди. Назаримда, устоз санъаткор Истиқлолдан кейинги давр ўзбек адабиётини назарда тутган бўлса, ажаб эмас.

Шавкат Ҳасанов,

филология фанлари доктори.