Адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг 90 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда
Бу йил баҳор талабалар ҳаётида ўзгачароқ, янада мазмунлироқ кириб келди. Байрамлар байрамларга, тадбирлар тадбирларга уланмоқда. Ёшлар қувончи чексиз, уларга берилаётган имконият ва эътибордан мамнун.
Ўзбек адабиётининг дарғаларидан бири, буюк адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг 90 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. 12 март куни Гулистон давлат университетида ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Унда филология фанлари номзоди, профессор Қозоқбой Йўлдошев, таниқли ёзувчи Собир Ўнар, шоиралар Гўзал Бегим, Ойдиннисо ва бошқалар иштирок этиб, талабаларга Озод Шарафиддинов ҳақидаги хотираларини сўзлаб бердилар.
Талабалар буюк олимнинг ҳаётида рўй берган қизиқарли ва ибратли воқеалар асосида саҳна кўринишлари билан йиғилганларни хушнуд этди. Видеолавҳалар намойиши ҳам ёшларнинг Озод Шарафиддинов ҳаёт йўли ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиши учун айни муддао бўлди.
Ойдин тайёрлади.