Бугун нурободликларни нима қийнаяпти?

Zarnews.uz телеграмм каналида жорий йилнинг 20 январь куни ушбу сарлавҳа остида видеолавҳа эълон қилинган эди. Унда туман истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасида сўровнома ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммолар тасвирдан жой олганди.

Ушбу ижтимоий сўровда билдирилган муаммолар ечими бўйича Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Э.Пардаев имзоси билан қуйидаги жавоб хати келди:

“  - Йўл белгиларининг йўқлиги тўғрисида қилинган мурожаат Паст Дарғом тумани ҳудудида жойлашган “Самарқанд-Жума-Каттақўрғон” автомобиль йўли бўлиб, “Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси балансига тегишли. Шу боис йўл белгиларини қўйиш Нуробод тумани мутасадди идоралари ваколатига кирмайди;

- “Нурбулоқ-Бошқудуқ-Улус” автомобиль йўлини жорий таъмирлаш учун 2021 йилда туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан манзилли давлат дастурига таклиф берилган:

- Пўлатчи ва Кўктош қишлоқлари ички йўлларини таъмирлаш туман ҳокимлиги ободонлатириш бошқармаси балансида. Ушбу йўллар дастур асосида кейинги йилларда босқичма-босқич таъмирланади;

- Пўлатчи маҳалласи фуқароларига тоза ичимлик суви махсус техникалар ёрдамида етказиб берилмоқда;

- Кўктош қишлоғи ва унга туташ қишлоқлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун жорий йилда янги сув иншооти қуриш бўйича манзилли давлат дастурига таклифлар берилди;

- туман ҳокимлиги Кўктош қишлоғига янги трансформатор ўрнатди. Жорий йилда “Нуробод туман электр тармоқлари” корхонаси томонидан тармоқ тортилиши белгилаб олинди;

- Нурбулоқ маҳалласида жойлашган “Humoyunbek halol kushxonasi” масъулияти чекланган жамиятига ўз фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредит олиш таклифи берилди. Тадбиркор кредит фоизи юқори эканлиги боис кредит олишни рад этди”.

P/s: Очиғи, жавобдан бизки қониқмадик, мурожаат қилган фуқаролар қониқармикан? Негаки, аҳолини қийнаётган муаммоларга мукаммал ечим йўқ. Яъни, аксарият масалалар “дастурга киритилди”, “манзилли дастурга таклиф берилди”, “дастур асосида тармоқ тортилиши белгиланди...” тарзида “ёпилган”. Хўп, дастур яхши. Аммо шу дастур ижроси – одамлар муаммоси қачон, қай тарзда ҳал этилади? Ахир, олис қишлоқларда яшайдиган аҳолининг ҳам қулай шароитларда турмуш кечиришга ҳаққи бор!