Бугун юртимизга ҲУТ кирди

Ўзбекча – балиқ, форсча – моҳий, арабча – ҳут, русча – рыбы.

Муддати 19 февралдан 21 мартгача, 31 кун

Шу муддат оралиғида туғилганлар бурж ҳисобида ҲУТдир.

ҲУТда қиш ҳавоси ҳали сезилиб туради: қор ёғиб, совуқлар бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Тожик халқининг: “Ҳут ҳутлигини қилса, кампирларни (кексаларни) қутидан (уйдан) чиқармай қўяди”, деган нақлида жон бор. Яйлов кишилари орасида эса: “Яхши келса, ҲУТни кўр, қозон тўла сутни кўр”, деган мақол бор.

ҲУТ кириши билан деҳқонларнинг ороми бузилади. Ҳамма кўкламги экиш мавсумига тайёргарлик кўради. “ҲУТнинг бир дақиқаси кузнинг ўн кунига тенг”, дея бежиз айтилмаган.

ҲУТ қанчалик совуқ келмасин, табиат барибир уйғониш сари жадал юз тутиб бораверади. Узоқ жанубга учиб кетган қушлар қайтади. Қир-адирлар, боғ-роғлар ва далалар яшил либосга бурканаверади. ҲУТнинг охирларига бориб қора чумолилар инидан чиқади.

ҲУТнинг яна бир инсонларга фойдали хислати бор. Табиат дорихонаси бу ойда одамлар учун эшигини кенг очади. Ҳамма жойда Наврўз тараддудлари бошланиб кетади. Сумалак майсалари ўстиришга киришилади. Хусусан, ялпиз, жағ-жағ, исмалоқ, қалдирғоч кулча, қуштили, барра қизғалдоқ, чучмома, кийикўт ва бошқа нодир, айни пайтда доривор кўкатлардан бичак, сомса, чучвара каби ўнлаб тансиқ таомлар тайёрланади. Қўни-қўшни, қавму қариндош, таниш-билишлар ҳурмат юзасидан бир-бирлариникига товоқ-товоқ зирали, мурчли, сариёғда пишган кўкбичак, сомса юборадилар. “Қўшнинг ялпиз сомса бермаса, деворига суйкалиб ўт”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган.

ҲУТ ана шундай неъматлар конини яратиб, Наврўз шодиёналари ва меҳнат кўтаринкилигини авжга чиқариб, фасл навбатини ҲАМАЛга топширади.

Манба: Хайрулла ҚОСИМОВ, “Фасллар хосияти”.

ҲУТ ҳақида мақоллар:

  • Ҳут кирди, деҳқон пайтавасига қурт кирди.
  • Ҳут кирди, ер остига дуд кирди.
  • Ҳут сувига ҳўкизингни суғорма.
  • Ҳут яхши келса, кади-кади сут, ҳут ёмон келса, керагада пут.
  • Ҳут яхши келса, коса-коса сут, ёмон келса, серрайиб қолган пут.
  • Ҳутда мол тўймаса, одам тўймас.