Бугуннинг гапи: Конституция янгиланди, ҳеч нарса ўзгармайдими?

Бу ҳақда сўраганларга нега «йўқ» деб жавоб бераётганим хусусида

 Хотира ва қадрлаш кунида кузатганман, азбаройи ҳамма бораётгани учун қабристонга борадиганлар бор. Аммо менда сал бошқачароқ, ҳар йили бу ишни ўтганларни йўқлаш, уларни тўғри маънода эслаш учун бораман. Ва ҳар сафар у ерга ўғилларимни ҳам олиб бораман. Отам, катта отам, у кишининг оталари ва момоларимнинг жисми кўмилган ерларни қуриган ўт-ўланлардан тозалаймиз. Қайтишда болаларимга улар билан боғлиқ хотиралар хақида сўзлаб бераман.

- Ҳа, энди конституция янгиланди, нима ўзгаради, - бу галги ширин хотиралар ва ажойиб суҳбатимизни йўл четида тўдалашиб турган кишилардан бирининг саволи бузиб юборди.

- Йўқ, ҳеч нарса ўзгармайди, - дедим гапни қисқа қилиб.

- И-е, нега, 9 июлда президент сайлови бўлади, деяпти-ку, сени зиёли, тушунган бола десам, ҳеч нарсадан хабаринг йўққа ўхшайди?! Ҳеч бўлмаса, кўчалар асфальт бўлади, деб қўйсанг ҳам майли эди.

Давлат раҳбарини сайлаш учун икки ой ичида яна бир сиёсий жараён бошланаётганидан хабарим борлигини айтиб ўтирмадим. Зотан, унга амалдаги президентнинг ваколат муддати тугамаганлигини, аммо бу ташаббус айнан биринчи раҳбарнинг ўзидан чиққанлигини гапириб беришга ҳожат йўқ, деб ҳисобладим. Бундан кўзланган биринчи мақсад Конституцияни тезда амалга жорий қилиш эканлигини барибир тушунмайди, деб ўйладим.

Аммо кейинроқ Асосий қонун бу шунчаки ҳужжат, унда белгиланган тамойилларни амалда таъминланиши, шу кишига, қолаверса, менга ва бутун жамият аъзоларига боғлиқ эканлигига тўхталмаганимга афсусландим.

«Мем»лар ёки аввал тушунтирайлик

Рост, ҳамма вақт бирор воқеликка аввал танқидий кўз билан қарашга одатланганман. Ҳамкасбларимнинг танқидий чиқишлари ёки ижтимоий тармоқлардаги негативларга қўшилмасам-да қарши бўлмаганман. Лекин Бош қомус янгиланган шу кунларда бундай қилиш энг камида ноинсофлик, деб ҳисоблайман.

Афсуски, бугунги жараёнлар, кечаётган сиёсий ислоҳотлар ҳақида турли бўлар-бўлмас гаплар ҳар дақиқа кузатилмоқда. Аммо ўшалардан фикрини сўранг, аксарияти Конституцияга киритилган ўзгартишларни тўлиқ айтиб беролмаслиги тайин. Чунки янгиликлар чиндан кўп, уларнинг моҳияти, ҳаётий аҳамияти ҳақида катта-катта китоблар ёзиш мумкин. Модомики, шундай бўлмаганида давлат раҳбари Конституцияга шарҳ ёзиш, бунинг учун кенг илмий жамоатчиликни жалб қилиш, шарҳ оддий, халқчил тилда, барчага тушунарли бўлиши кераклиги ҳақида алоҳида ҳужжат имзоламаган бўларди.

Яна бир томони шундаки, янгиланган ҳуқуқий майдон шунчаки расмиятчилик ёки фақат сиёсий мақсадларга мўлжалланган бўлганида ҳам бундай йўл тутилган бўлмасди. Инсоф билан айтинг, агар шунақа бўлганда уларга эришилди-ку, Асосий қонунга киритилган ўзгартишларни тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ-ку.

Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 14 тадан 18 тага етказилди. Бу янгилик бир қарашда сизга ёки менга қизиғи, алоқаси йўқдек. Чунки энди ҳукуматни шакллантириш, унинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш масалалари Қонунчилик палатасининг ваколатига ўтказилди. Рост-да, кимдир вазир бўлиши биз учун одатда аҳамиятсиз.

Ҳудудлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, жойларда, айниқса, маҳаллаларда қонунларнинг ижросини таъминлашга йўналтирилишига эса аминманки, бефарқ бўлмайсиз. Мазкур вазифа Сенат фаолиятининг асосий йўналиши сифатида белгиланди.

Бу борада давлат раҳбари ҳам алоҳида тўхталиб, «Энди улар пастга тушиб, кўпроқ одамларимиз билан учрашиб, уларнинг муаммоларини эшитса, вазирлар ва ҳокимлар билан биргаликда ҳар бир масала бўйича аниқ ечимларни топса, бундан умумий ишимизга фақат фойда бўлади», деди.

Ҳуқуқлар кўп, талаб қилишга имкон ҳам...

Бирор-бир мансабдорнинг хатти-ҳаракатларидан норизо бўласиз, у ноқонуний қарор қабул қилганига ишончингиз комил, бироқ индамай кетишга мажбур бўлгансиз. Ҳаётда бундай воқеликларни кўп учратамиз, аммо унга деярли ечим йўқ, чунки ноқонуний қарор фақат суд орқали бекор қилинади, бошқа инстанциялар орқали йиллаб вақт кетиши мумкин. Аммо арз қилувчи судга ҳам боролмайди. Чунки судья ишни кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда давлат божи тўланиши керак.

Энди бундай бўлмайди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 55-моддасида ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши учун кафолатлар янада кучайтирилди. Унга кўра, 2024 йил 1 январдан маъмурий судларга шикоят қилишда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларидан давлат божи ундирмаслик белгиланди.

Масаланинг муҳим томони шундаки, ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича айбдор тарафдан давлат божи ундирилади. Демак, судга мурожаат қилишга ва тўлов тўламасликка йўллар очиқ, аммо айбдор бўлатуриб адолат истасангиз, давлат божи сизнинг гарданингизга тушади.

Яна бир гап, жорий йил 1 августдан бошлаб солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар, фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиляпти.

Айтмоқчи бўлганимиз, агар мулоҳаза қилиб кўрилса, янгиланган Асосий қонунимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини нафақат таъминлаш, бунинг кафолати учун қатор нормалар белгиланди. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, «янгиланган Конституциямизнинг маъно-мазмуни, бош мақсади ҳам халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароит яратиб беришдан иборатдир».

Шу боис эслаб қолинг, жорий йил 1 июнгача ўзбек ва хорижий тилларда «Янги Ўзбекистон Конституцияси» ягона миллий портали ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.

Портал ва унинг мобил иловасида фуқаро ва тадбиркорлар учун қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштириш ҳамда уни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар бериш имконияти бўлади.

 Ҳаммаси ўзингиз ва ўзимизга боғлиқ

Давлат раҳбари «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» фармон имзолади. Бироқ юқорида келтирилганидек, Конституция янги таҳрирда қабул қилингани сизу бизга ҳеч нарса бермаслиги мумкин. Яъни, ҳеч қандай ўзгаришга сабаб бўлмайди. У шунчаки восита, холос. Аммо унга тўғри ёндашсак, муносабатларимизни ўзгартирсак, у фаровон келажагимиз кафолати бўлиши шубҳасиз.

Чунки янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.

Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмагани важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.

Агар шуни ҳам билмасак, ҳеч нарса ўзгармайди.

 Ё.Марқаев.