Булунғурда хотин-қизлар манфаатига хизмат қилувчи марказлар очилди
Булунғур туманида оила ва хотин-қизлар бўлими қошида “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази”, “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” ҳамда “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказининг ижтимоий мослашув маслаҳат хонаси” ташкил этилди.
– Бугун ёшларни оилага тайёрлаш, хотин-қизларни тадбиркорликка ўргатиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади, – дейди Булунғур тумани ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н.Мамадиёрова. – Янги ташкил этилган қўмитамиз вазифа ва мақсадларини белгилашда бунга алоҳида эътибор қаратилган. Чунки бугун айрим оилалардаги нотинчиликлар, ажрим ва бошқа нохуш ҳолатлар ана шу йўаналишлардаги ишларнинг етарли даражада олиб борилмаган оқибатида келиб чиқмоқда. Шу сабабли бўлим қошида учта марказ ташкил этдик ва уларнинг доимий фаолият кўрсатишини таъминлаймиз. Ҳар бир марказга энг малакали мутахассисларни ишга таклиф қилдик.
Марказларнинг очилишида маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси масъулари, туман секторлари раҳбарлари ва фаоллари иштирок этди. Улар марказлар фаолияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг, оила қуриш арафасида турган ёшларга махсус ўқув курсларни, шунингдек, бир гуруҳ хотин-қизларга “Бизнес билан танишув ва тадбиркорлик фаолиятни бошлаш” курсини тамомлаганлиги тўғрисида сертификатлар топширилди.
Ғ.ҲАСАНОВ.