Бухорода туя сутига қорилган лойдан ғишт териб қурилган мақбара бор

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Самарқанд вилояти «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти жамоаси Бухоро вилоятида саёҳатда.

Исмоил Сомоний мақбарасида бўлган журналистлар ушбу тарихий обида билан боғлиқ қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.

Аввало, Исмоил Сомоний ҳақида.

Исмоил Сомоний 848 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Бухорода Сомонийлар давлатига асос солган йирик сиёсий арбоб, 874 йилда сомонийларнинг Бухородаги ноиби, 888 йилдан эса бутун Мовароуннаҳрга ҳоким бўлган. У ўзига улкан мақбара қурдирган.

- Исмоил Сомоний мақбараси жаҳон меъморчилик ва бинокорлик мактабларининг ноёб асари ҳисобланади, - дейди "Turkiston travel" сайёҳлик фирмаси гид-таржимони Собиржон Юсупов. -

Исмоил Сомоний мақбараси ўрта асрларнинг ривожланган даврида (IX-X аср), 864-868 йиллар оралиғида қурилган.

Иншоот қабр вазифасини бажарганлиги сабабли унинг интерьери уч поғонали, бир хонали квадрат шаклни ташкил қилган.

Унинг қурилиши учун ғиштни теришда орасига туя сутига қорилган лой ишлатган. Бу лой эса қамишни 1000 даража иссиқлик пайдо қилган ҳолда тайёрланган. Шунинг учун ҳалигача мақбара сифатини йўқотмаган. Шунингдек, бу обида қурилишида тош ва ёғочдан ҳам фойдаланилган. Мақбаранинг жимжима ғиштин безаклари чивиқли тўсиқ ёки қамиш, бўйра тўқимасини эслатади. Девор қалинлиги – 1,8 метр, тарҳи – ташқариси 10,80×10,70 м., ичкариси 7,20×7,20 м. Усти гумбаз билан қопланган. Тўрт бурчаги устунсимон шаклда ишланган, гумбаз атрофига 4 қубба ўрнатилган.

Девор тепасида кунгирасимон 40 та дарча қилинган. Ҳар бир дарча ҳошияланган. Равоқ тепасидаги қанос ғиштин тангачалар маржони билан чегараланган. Икки четига майда-майда ғиштдан чорсу тумор ясалган. Бино ичкариси ташқаридаги бино билан узвий боғлиқ бўлиб, услуб жиҳатидан бир хил. Мақбаранинг 4 томони бир хил чордара шаклида.

- Ҳали иншоотнинг ўрганилмаган қирралари, қонуниятлари, қоидалари, қурилиш усуллари бор, - дейди С.Юсупов.