Буюк алломага юксак эҳтиром (“Зарафшон” газетаси, 1998 йил, 27 октябрь, 130-сон)
Самарқандда ислом оламининг буюк мутафаккири, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди. Қадим Самарқандга жаҳоннинг қирққа яқин мамлакатидан, ЮНЕСКО, “Ал-Бабтий” жамғармаси каби нуфузли халқаро ташкилотларидан меҳмонлар ташриф буюрди.
“Афросиёб” меҳмонхонасининг мажлислар залида “Имом Бухорий ва унинг дунё маданиятида тутган ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Нотиқлар алломанинг ҳаёти ва фаолияти, у қолдирган илмий мероснинг аҳамияти ҳақида сўзлади.
Анжуман доирасида иштирокчилар шўъбаларга бўлиниб, илмий мулоқотларни давом эттирдилар. Шўъба мажлисларида “Имом Бухорий замони”, “Имом Бухорийнинг ҳадисшунослик илмига қўшган ҳиссаси”, “Имом Бухорий илмий меросининг халқаро миқёсда ўрганилиши” каби мавзуларда маърузалар ўқилди, баҳс ва мунозаралар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов буюк ҳадисшунос олим Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллик юбилейи тантаналарида иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрди.
Юртбошимиз Имом Бухорий мажмуи жойлашган Челак туманидаги Хартанг қишлоғига йўл олди. Бу ерда дарвоза пештоқига “Бу ёдгорлик мажмуи Ислом оламида юксак обрў-эътибор қозонган улуғ ватандошимиз, ҳадис илмининг султони буюк аллома Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон, Шаҳрисабз халқ усталарининг олтин қўллари билан барпо этилган” деган сўзлар араб ва лотин алифболарида зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Имом Бухорий мақбараси мажмуининг очилиш маросимида Самарқанд вилояти имом-хатиби М.Меликзода сўзни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берди.
Республика раҳбари ўз нутқида ҳадис илмининг султони, ислом дунёсида беихтиёр даҳо – имом Исмоил Бухорий юбилейи муносабати билан барпо этилган бу ёдгорлик оламшумул воқеа бўлганлигини таъкидлади. Келажакда эса бу макон ислом аҳли учун муқаддас қадамжо ва ғоят гўзал зиёратгоҳлардан бирига айланишига ишонч билдирди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкентга жўнаб кетди.
Суратларни ЎзА мухбири Т.Норқулов “Зарафшон” учун олган.