“Буюк ипак йўли маданияти, мифологияси ва архитектураси” номли янги илмий тадқиқот ШҲТ Самарқанд саммитига бағишланди

Самарқанд давлат университети профессорлари, таниқли олимлар - Рустам Холмуродов ҳамда Эркин Мусурмонов 2022 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити муносабати билан ажойиб тадқиқот ишига қўл уришди. Олимларнинг тадқиқотлари натижасида соҳада ўрганилмаган илмий янгилик сифатида “Буюк ипак йўли маданияти, мифологияси ва архитектураси” (Хитой) монографияси нашрдан чиқди.

Барчамизга маълумки, Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар  -Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғиз республикаси  раҳбарлари ташаббуси билан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганди. Унинг мақсад ва вазифалари шу минтақада яшайдиган ҳалқлар ўртасида маънавий-маърифий мулоқотни кучайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорликда терроризм ва гиёҳвандликка қарши курашишдан иборатдир.

Қадимий тамаддуни, йирик шаҳарлари ва меъморий ёдгорликлари бор бўлган мамлакатлар Буюк ипак йўлининг яралишида муҳим ўрин тутган, унинг ҳаракат харитасини белгилаб берган. Бу ҳудудлардаги бинокорлик ўзича, стихияли тарзда эмас, балки маълум халқларнинг муайян бадиий, маданий-фалсафий қарашлари замирида майдонга келган, ҳар бир обида халқнинг дунёқараши ва менталитетини моддий тарзда акс эттирган. Мазкур тадқиқотда илк марта улкан йўлнинг бошида турган Хитой маданияти, мифлари ва фалсафасининг бинокорлик маданиятига кўрсатган таъсирини ўрганишга эътибор қаратилган.

Буюк ипак йўлида жойлашган Хитой, Марказий Осиё, Россия, Кавказорти ва Европанинг савдо йўллари билан туташ ҳудудларидаги халқларнинг бадиий-фалсафий дунёқараши ва унинг бинокорликка таъсири масаласига бағишланган илк тадқиқот ажаб эмаски, яқин келажакда Европа университетларидаги каби инсоният фалсафаси, бадиий қарашлари ва бинокорлигининг умумий қонуниятларини ўрганувчи янги соҳага асос солади.

Монография муаллифларининг фикрларига асослансак, муайян халқлар ўртасидаги синкретик муносабатлар, фалсафий-маданий мерос таъсирида майдонга келган архитектура ва бинокорлик соҳасида ҳам акс этган.

Тадқиқотнинг умумий ғоясига кўра, қаерда илму-маданият ривожланган бўлса, ўша ерда меъморчилик ҳам тараққий қилган, тамаддунлар куртак отган. Китобда бу масала кўҳна Хитой маданияти ва мифологияси мисолида ёритилган бўлиб, мавзуга бу тарзда ёндашиш архитектура соҳасидаги тарихий бинокорлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ойдинлик киритади. Зеро, ҳар қандай ўтмиш меъморий обидасининг заминида,албатта, уни яратган элнинг дунёқараши акс этган: Хитой бинокорлигидаги қайрилган томлар ва аждарҳо қиёфаларида ёки Самарқанд мадрасаларидаги кўк гумбазлар, Баҳодир Ялангтўш қурдирган мадрасадаги йўлбарслар ва кийиклар тасвирларида ҳам, албатта, маълум бир рамзийликлар бор. Миллий архитектурадаги бундай ўзига хосликларни ўрганиш маънавий қадрият ва тушунчаларнинг бинолар кўринишида моддийлашиш жараёни тараққиётини кўрсатиб беради.

Нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам маълум халқларнинг маданияти, мифологияси ва архитектураси монографик тадқиқот кўринишида ўрганилмаган. Шу нуқтаи назардан ушбу китобнинг Буюк ипак йўлидаги халқлар маданий меросини ўрганишда нодир манба сифатида эътироф этиш жоиз.

Буюк ипак йўли кимсасиз саҳродан, шаҳар инфраструктураси шаклланмаган, карвонсарой ва бозорлари йўқ ҳудуддан ўтмаган. Чунки бу нарса нафақат моддий товарларнинг, балки олис масофаларни босиб келаётган карвонлардаги йўловчиларнинг ҳавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутган. Шунинг учун Буюк ипак йўли  ўтган ҳудудлар харитасини белгилашда, албатта, халқларнинг маданияти ва шахарсозлиги тараққий этганлигига эътибор қаратиш ўринли.

Тадқиқотда Буюк ипак йўлининг бошида турган. Хитой халқининг маданий тарихи, Конфуций, Лаоцзи каби файласуфларнинг қарашлари, мифологик тушунчалар, уларнинг замирида вужудга келган ўзига хос бинокорлик санъати ҳақида сўз боради. Эътиборга молик жиҳатларидан бири шундаки, хитой маданияти ва архитектурасининг шаклланишида Чин юртига борган алломаларимизнинг ҳам хизматлари бор эканлиги ўз исботини топган.

Ижтимоий-гуманитар фанларни ўрганиш ва ўқитишда муҳим манба бўлиб хизмат қиладиган мазкур китоб мавзуси давомли бўлиб, унда Буюк ипак йўлида муҳим ўрин тутган Довон (Фарғона), Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларимизнинг бой маданияти, мифологияси ва архитектурасидаги муштараклик ҳақида ҳам маълумот берувчи навбатдаги манба майдонга келади, деб умид қиламиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда Самарқанд давлат университети бир неча хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик ўрнатди. Университетнинг филиаллари фаолият бошлади. Ана шундай эврилишлар жараёнида университетда “Буюк Ипак йўли халқлари маданий ва адабий мероси” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Бу марказда қисқа фурсатларда эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилганини таъкидлаш мумкин.

Илмий марказда Хитой Конфуций институти гранти асосида филология фанлари доктори Э. Мусурмoнов муаллифлигида “Буюк ипак йўлида қадимги ўзбек-хитой адабий алоқалари” (хитой тилида) монографияси ва марказнинг “Буюк ипак йўли халқлари маданий ва адабий мероси” номли гранти асосида мазкур монография нашр этилди.

Буюк Ипак йўлининг айнан Ўзбекистон ҳудудидан ўтганлигини илмий асосда маданий, адабий ва архитектура ёдгорликлари ёрдамида исботлаш ва уни ўқув жараёнига татбиқ қилиш мақсадида СамДУ магистрантлари учун махсус “Буюк ипак йўли маданияти, мифологияси ва архитектураси” ихтисослик фани дастури ишлаб чиқилди ва бу фан магистрларнинг 2021-2022 ўқув йили учун ўқув режасига киритилиб ўқитилди. Айни пайтда университетнинг ижтимоий гуманитар йўналишларида таҳсил олаётган бакалаврларга ҳам мазкур фан ўқитилиши кўзда тутилган.

Халқимизда тўйга тўёна билан бориш удуми мавжуд. Таниқли олимлар Р.Хoлмурадов ва Э.Мусурмoновларнинг ушбу китоби Самарқандда ўтаётган ШХТ саммитига ажойиб тўёна бўлди. Китобнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд Саммити арафасида нашр этилганлигининг ўзига хос рамзий маъноси бор. Бу китоб бир ғоя атрофида бирлашган давлатларни нафақат бугунги куннинг долзарб масалаларига, балки умумий тарих, маданий меросни ўрганишда ва нурли келажак қурилишида ҳам якдил бўлишга эътиборни қаратади.

Ҳаким ЖЎРАЕВ.