Буюк санъат асарларида яширинган сирлар
Дунёдаги кўпгина меъморчилик дурдоналари ва санъат асарлари болалигимиздан ҳаммага яхши таниш, уларни ўз кўзимиз билан кўрмаган бўлсак-да, таъриф ва тавсифини кўп эшитганмиз. Ушбу ижод маҳсулларини батафсил ўргансангиз, бир талай сирли ва баъзи бир қизиқарли тафсилотлар очилади. Қизиқ, муаллифлар ўз асарлари орқали бизга нима демоқчи бўлган экан?
AdMe.ru катта ҳайрат билан бу фактларни бўлишди.
Эйфель минорасининг юқори қаватларидаги квартира
Бутун Франциянинг тимсоли ҳисобланган меъморий ансамблнинг тепасида “уй” бор. Минора яратувчиси Густав Ейфель унинг юқори қаватларида дам олиш ёки меҳмонларни қабул қилиш учун фойдаланган квартирани қуриб, жиҳозлаб қўйган.
Париж шаҳрида ажойиб манзарани очиб берадиган уйнинг ошхона, ваннахона, ётоқ хоналари ва меҳмонхонаси бор. Ҳозирда у ерда муаллиф ва Томас Эдисоннинг мумдан ясалган фигуралари ўрнатилган музей мавжуд.
Озодлик ҳайкали оёқларидаги узилган занжир
XIX асрда Жаҳон кўргазмаси ва Америка Мустақиллик Декларациясининг 100 йиллиги шарафига французлар томонидан Америкага тақдим этилган эркинлик, демократия ва қулликка барҳам бериш рамзи - Озодлик ҳайкалининг оёқларида одатда сайёҳларга кўринмайдиган синган занжир ётади.
Айзелуорт Мона Лизаси
Кўплаб рассомлар Мона Лизанинг нусхаларини чизган, бироқ, олимлар томонидан Винчининг ўзи яратган Джоконданинг яна бир портрети борлиги маълум қилинди. Шу билан бирга расм Луврда сақланадиган асарнинг бошқа нусхаси эмас.
Қизиғи, иккинчи сурат 3D-эффект яратиши мумкин бўлган бошқача нуқтаи назарни акс эттиради. Олимларнинг фикрича, бу Мона Лизанинг олдинги тахмини бўлиши мумкин...
Буюк Британиядаги энг машҳур соат
“Биг Бен” бутун минорани эмас, балки фақат унинг ичидаги улкан қўнғироқни англатади, деб қатъий айтиш мумкин. 2021 йилнинг сентябригача қўнғироқхона расмий равишда “Вестминстер саройининг ибодатхонаси” деб номланган. Эндиликда бу ёдгорлик “Елизаветанинг минораси” деб номланади.
Дастлаб “Биг Бен” нега ва кимнинг шарафига айнан шундай номлангани ҳозиргача номаълум. Бир назария қўнғироқ ўрнатилишида иштирок этган “Улкан Бен” лақабли гавдаси катта одам шарафига қўйилган деб айтса, иккинчи назария оғир вазн тоифасидаги бокс чемпиони Бенжамин Каунтга ишора қилинишини айтади.
“Фарёд” даги осмон ранги
Дастлаб Эдвард Мункнинг афсонавий “Фарёд” картинаси “Табиат фарёди” каби янграрди. Бу ҳақда рассом ўз кундалигида шундай ёзган эди:
“... тўсатдан осмон қизил рангга бўялди, мен лоҳаслиганимни ҳис қилиб тўхтадим ва панжарага суяниб қолдим – кўк-қора денгиз кўрфази ва шаҳар устидаги қон аралаш алангага қарадим... ”
2003 йилда бир гуруҳ астрономлар рассомни ҳайратда қолдирган осмоннинг ёркин қизил ранги 1883 йилда Кракатау вулқонининг отилиши билан боғлиқ, деб тахмин қилишди. Ўшанда атмосферага жуда кўп миқдордаги вулқон куллари ташлангани натижасида кейинги бир неча йил давомида бутун дунёда жуда ёрқин, чўғдек қизил қуёш ботилиши кузатилган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.