Чаласаводлик – иллат
Ҳифзи лисон деб ҳар бир миллат ўз она тили ва адабиётини сақламагини айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдур.
Абдулла АВЛОНИЙ.
1974 йил. Мактабни олтин медаль билан тугатиб, беҳад катта орзу-умидлар оғушида Тошкентга йўл олдим. Мен ўзимга шунчалик ишонар эдимки, гўё аллақачон олий мактаб талабаси бўлганман-у, одатдаги ўқишга отланганман. Ҳақиқатан ҳам, агар биринчи имтиҳонни "аъло"га топширсам, талабалар сафида бўлишим аниқ эди-да. Дастлабки имтиҳонда иншо ёзиб бериш керак экан. Бу менинг ишончимни янада мустаҳкамлади. Ахир, иншо ёзиш бизга чўт бўптими?!
Бироқ, имтиҳон натижалари чиқарилган эълонлар тахтасини кўриб, кўзларимга ишонмадим. Фамилиям, исмим қаршисида мунғайибгина "3" баҳо турар эди. Шубҳасиз, зудлик билан қабул имтиҳонлари аппеляция комиссиясига ариза ёздим. Комиссия аъзолари бажарган ёзма ишимни шахсан ўзимга ва менга ишонган отамга кўрсатишди. Гарчанд, иншомда имло хатолари учрамаса-да, кўплаб ишора хатоларига йўл қўйганим маълум бўлди. Ҳар учта тиниш белгисидаги хато бир имло хатосига тенглаштириб ҳисобланса, баҳо "3" га тўғри келишини тушунтириб қўйишди. Ана шунда мен тиниш белгиларини қўллашда чаласавод эканлигимга иқрор бўлдим.
"F" ҳарфи қандай ёзилади?
Йиллар ўтиб, яқинда ўзимга ҳам аппеляция комиссиясига аъзо бўлишга тўғри келди. Ургут туман халқ таълими мониторинг бўлимидан фан олимпиадаси иштирокчиси томонидан комиссияга ариза тушганини хабар қилишди. Маълум бўлишича, қатнашчилардан бири ҳакамлар баҳосидан норози бўлиб мурожаат қилган экан. Эшикдан ўқувчи она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси билан бирга узун-қисқа бўлиб, кириб келишди. Ажабланарлиси шундаки, ўқувчидан ҳам кўра устозининг кайфияти нохушроқ эди. Унинг назарида, ҳакамлар қасддан адолатсизлик қилган-у, шогирди паст баҳога лойиқ кўрилган.
Дастлабки баҳс "Fафур Fулом" сўзлари теварагида бўлди. Атоқли шоир номидаги "F" бош ҳарфини чизиқдан пастга тушириб ёзилиши хато эканлиги уқтирилганда, ўқитувчи бунга шубҳа билдирди. Шунда умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфи учун чоп этилган "Ҳуснихат" ўқув қўлланмасидан катта "F" ҳарфи қандай ёзилиши кўрсатилганда, ўқитувчи ҳозирги китобларга ишониб бўлмаслигини иддао қилди. Қўлланманинг биринчи саҳифасидаги Халқ таълими вазирлиги тасдиғини кўрсатганимиздан кейингина устознинг ҳовури бироз пасайди. Шунда ҳам у бўш келмасдан, айбни бошланғич синф ўқитувчиларига тўнкашга уринди. Тўғри, ушбу ўринда, шубҳасиз, бошланғич синф муаллимларининг ҳам камчилиги борлиги аён. Аммо уларнинг нуқсонини кўрсатиб тузатиш, қолаверса, мактаблардаги саводхонлик ва тўғри имлони таъминлаш, энг аввало, юқори синфларга сабоқ берувчи она тили ва адабиёт ўқитувчиларининг бурчи эмасми?!
Даъвогар ўқувчининг ёзма иши яхшироқ қараб чиқилганда, яна бир қанча имло ҳамда ишора хатолари ошкор бўлиб қолди. Натижада, унинг ёзган иншоси аввалгисидан ҳам паст баҳоланди. Шунда ҳалиги ўқитувчи каминани тирноқ остидан кир қидиришда айблаб, ўзига таскин берган бўлди ва шогирдини эргаштириб, хонани тарк этди.
Чаласаводликни урчитадиган "Хамиртуруш"
Ушбу мақолани ёзишдан мақсадим ўқувчининг билим, кўникмасидаги бўшлиқ ёки ўқитувчисининг димоғдорлигидан ёзғирмоқлик эмас. Мени ташвишлантираётган нарса бошқа, яъни кейинги йилларда чаласаводликнинг урчиб бораётганлигидир. Бу иллат қанчалик пинҳона бўлмасин, "Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади", деганларидек, беихтиёр ўзини ўзи фош қилиб қўймоқда.
Масалан, "Ma'rifat" газетасининг 2019 йил 9 январь сонидаги биринчи саҳифада устозлардан бирининг сурати берилган. Сурат фонида физика фанига оид кўргазма-плакат кўриниб турибди. Кўргазмадаги "TASHKIL" сўзи "TASJKIL", "Jismning ichki energiyasi" сўз бирикмаси эса "Jismni ichki energiyasi" тарзида хато ёзилган. Аслида, бу ҳам юқоридаги муаллима ибораси билан айтгандек: "тирноқ остидаги кир". Бу – бир томондан ўша аудиторияда ўқийдиган талабаларни чалғитиши – "кичик кир". Унинг зиёлиларнинг марказий нашри орқали "кўргазма" этилиши эса "катта кир"дир.
Яқинда ўқувчилар учун чиқарилган "Адабиёт" дафтаридаги битиклар эътиборимни тортди. Ундаги адабиёт назариясига доир битта саҳифада 22 та (!) хатога йўл қўйилган.
Ходимларнинг "Шахсий тиббиёт дафтарчаси"даги қуйидаги ёзувларга эътибор беринг: ундаги 30 та сўздан иборат кичик бир матнда 7 та хато мавжуд. Агар дафтарча маълум маънода расмий ҳужжат ҳисобланишини эътиборга олсак, бундаги имло хатолари шунчаки бир кишининг шахсий чаласаводлиги оқибати эмас, балки тилимизга бўлган ўта эътиборсизлик аломати эмасми?
Бу сингари ҳолатни нафақат маиший битикларда, ҳатто, оммавий ахборот воситаларида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, яқинда невараларим билан бирга "Болажон" телеканали орқали "Эртаклар яхшиликка етаклар" деган мультфильмни томоша қилдик. Ўқитувчи сифатида менинг эътиборимни кўпроқ ундаги ёзувлар тортди. Майда хатолардан ташқари фильм сарлавҳаларида қўпол имло хатоларига йўл қўйилганига гувоҳ бўлдим.
Биринчи фильм "Ho'tikcha", иккинчиси "Ahmoq bo'ri xaqida", учинчиси эса "Yahshilikka yomonlik haqida" деб номланибди. Эътибор берсангиз, бундаги ҳамма фильмларнинг номида имло хатолари мавжуд. Ушбу мультфильмлар "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан суратга олинганини эътиборга олсак, танқидимиз янада жиддийлашади. Биз мактаблардаги ўқувчи болаларимизнинг саводсизлигидан нолиймиз. Бу борада ана шунақа пала-партиш ёзувларнинг ҳам ҳиссаси йўқ, деб ким айта олади. Баъзан дарсларда ўқувчининг устози билан у ёки бу сўзнинг тўғри ёзилиши устида тортишиб қолганига гувоҳ бўламиз. Бунда ўқувчининг қўлида ҳам жиддий асоси – ё дарсликдаги ўтиб кетган хато ёки хусусий нашриётларда чоп этилаётган китобча ва ё юқорида айтганимиз – телевизор орқали кўрсатилган нотўғри ёзувлар сабабчи бўлади. Тўғри, биз уларга катта амаки ва холалар ҳам хато қилишлари мумкин эканлиги ҳақида тушунча берамиз, аммо битта хатога миллионта изоҳ топиб бериб бўлармикан?!
Шу маънода, китобда, газетада, журналда, қўйингки, қаерда бўлмасин, йўл қўйилган ҳар битта хато чаласаводликни урчитадиган "хамиртуруш" эканини зинҳор эсдан чиқармайлик. Ўзини ҳурмат қиладиган бошқа халқларда бирор сўзни хато ёзиб қўйиш фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилинади. Айтайлик, бирорта русча исм ёки фамилияни хато ёзиб кўринг-чи... Интернет сайтларидаги ёзувларда ҳам имло хатоларни деярли учратмайсиз. Ҳатто, саҳифа охирида: "Хато кўрсангиз, ўша сўзни белгилаб, фалон тугмачани босинг", деб изоҳ ҳам бериб қўйишибди. Ўзбек тилидаги интернет битикларини ўқиб эса ундаги алмойи-алжойи сўзлардан кулишингни ҳам, ачинишингни ҳам билмай қоласан киши.
Тўрт ўқитувчидан бири саводсиз
Энди менга ушбу мақолани ёзишга туртки берган бошқа бир сабаб ҳақида. Бир-икки ой бурун халқ таълими бўлими томонидан туманнинг турли мактабларида турли фанлардан сабоқ бераётган ўқитувчиларга ёздирилган диктантларни баҳолаб бериш топшириғи берилди ва 91 нафар устознинг ёзма ишларини текширишимга тўғри келди. Бу ўзига хос ижтимоий тадқиқот бўлганлиги боис мен вазифамга катта масъулият билан ёндашдим ва қуйидагилар аниқланди: "5" балли тизим билан баҳоланганда, диктант ёзганларнинг 12,1 фоизи "аъло", 35,2 фоизи "яхши", 27,5 фоизи "қониқарли", 15,2 фоизи "қониқарсиз" ва 10 фоизи ундан ҳам паст баҳо олишди. Бу рақамларга изоҳ бериш ўзингизга ҳавола.
Ўтган асрнинг 30-йилларида, республикамизда маданий инқилоб амалга оширилаётган кезларда, "ЧСБ" деган жамоатчилик ҳаракати ташкил этилган. Бу одамлар халқ ва аввало, зиёлилар ўртасида чаласаводликни тугатиш йўлида фаолият кўрсатишган. Улар нафақат имло, балки ишора ва бўғин кўчиришдаги хатоликларга ҳам қарши муросасиз кураш олиб борганлар. Ана шу ҳаракатлар натижаси ўлароқ, ўтган асрда ўзбек тилида чоп этилган китоблар ва даврий нашрлардан деярли имло хатоларни топиш қийин. Юқоридаги ҳолатларни ҳисобга олиб, балки "ЧСБ" ҳаракатини яна қайта жонлантириш керакдир.
Чаласаводлик бир қарашда гўё арзимасдек туюлган майда-чуйда, икир-чикир нуқсонлардан ҳосил бўлаётган катта хунук иллатдир. Унинг кўпайиб, каттараётганига эса, энг аввало, ўзимиз сабабчи бўлаётирмиз. Айтайлик, жорий йилда "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг қабул қилинганига 30 йил тўлади. Шубҳасиз, шу давр ичида ўзбек тилининг давлат тили мақомини олиши учун катта ҳажмдаги ишлар қилинди. Афсуски, мустабид тузум ҳукмронлиги даврида зиёлиларимиз ва халқимизнинг катта жасорати эвазига қабул қилинган ушбу қонун ижроси йиллар давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Энг афсусланарлиси, қонунлар ижросига мутасадди бўлган идора ва ташкилотларнинг ўзлари ушбу қонуннинг туб моҳиятини англамасдан, амалда уни ижро эта билмаяптилар.
Ҳужжатлар ҳамон давлат тилида эмас
2018 йил 13 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев бу ҳақда тўхталиб ўтди. Раиснинг қайд этишича, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган 154 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган. Шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 34 та қўшма қарори ҳам давлат тилида эмас.
"Маърифат" газетасининг 2018 йил 20 октябрдаги сонида чоп этилган Зоҳид Шакаровнинг "Қонун фақат қоғоздами?" сарлавҳали мақоласида айтилишича, бугунги кунда давлат томонидан қабул қилинаётган қарорлар лойиҳасининг деярли барчаси рус тилида эълон қилинаётир. "Ҳақли савол туғилади: уларни ким муҳокама қилади ва таклифларни ким беради? Давлат тилида сўзловчиларми ёки давлат тилини билмайдиганларми? Умуман, лойиҳалар давлат тилида эълон қилинмас экан, муҳокамага қўйишдан не наф?", дея муаллиф саволни кўндаланг қўяди.
Бунда кишини ўйлашга мажбур қиладиган яна бир ҳолат шундаки, "Давлат тили ҳақида"ги қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси ҳам негадир, ўз фаолиятини тўхтатган. Натижада, кейинги йилларда "Давлат тили ҳақида"ги қонун ижроси назорати сусайиб, "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ҳақида"ги қонун ижроси ҳам белгиланган муддатда якунига етказилмай, аросатда қолиб кетди.
Булардан кўриниб турибдики, биз юқорида қаламга олиб ўтган иллатнинг илдизи ўйлаганимиздан ҳам кўра чуқурроқ. Шу маънода, маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний айтганлари: "Ҳифзи лисон" фақатгина миллат зиёлилари томонидан эмас, балки умумдавлат миқёсида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммодир.
Худойберди КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.