Чақалоқларда катта миқдорда микропластик топилди
Микропластикнинг кўпайиши, тарқалиш шиддати болаларга таъсир кўрсатди. Буни Environmental Science & Technology Letters журналида чоп этилган тадқиқот маълумотлари тасдиқлайди. Мақолада айтилишича, чақалоқлар танасида катталарга нисбатан ўртача 15 баробар кўпроқ микропластик бор.
Гап ўлчами 5 миллиметрдан кичик бўлган полимер бўлакчалари ҳақида бормоқда. Улар пластик ўйинчоқлар ёки бошқа нарсалар парчаланиши жараёнида пайдо бўлади. Микропластикдан кўплаб уй-рўзғор буюмлари, жумладан, косметика, тозалаш воситалари, кир ювиш воситалари, ҳатто дори капсулаларини тайёрлаш учун фойдаланилади.
Микропластик ҳаммада бор
Тадқиқот гуруҳи Американинг Нью-Йорк штати аҳолисининг нажас намуналарини таҳлил қилиб, иккита кенг тарқалган микропластик - полиэтилентерефталат ва поликарбонат борлигини аниқлади. Барча намуналарда камида битта турдаги микропластик бор, лекин болаларда унинг таркиби камида 10 баробар кўп эди.
Олимларнинг фикрича, болалар ўйинчоқларни чайнаганда, эмизгич сўрганда ва гилам каби таркибида микропластик бор жойда эмаклаётганда уни кўп миқдорда ютади.
Бу хавфлими?
Микропластик инсон саломатлигига қандай таъсир қилиши ҳозирча аниқ эмас. Тадқиқотчилар, асосан, микропластик овқат ҳазм қилиш тизимига безарарлигига ишонч ҳосил қилмоқда. Аммо ана шундай майда заррачалар қон оқимига кириб, ҳужайра мембраналарига ўтиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бор.
Лаборатория ҳайвонлари билан ўтказилган тажрибаларда микропластик ҳужайраларни нобуд қилиши, яллиғланиш ва метаболик бузилишларга олиб келиши аниқланган.
Микропластикага қарши кураш
Микропластикнинг одамларга бевосита зарари кўп саволлар туғдирса-да, унинг табиат учун хавфлилиги ҳақида кўплаб аниқ далиллар мавжуд. Ўтган йили Дюк университети тадқиқотчилари океанга чиқарилган микропластика сув билан туташганда чиқарадиган кимёвий модда билан балиқлар заҳарланганини тасдиқлашди.
Гап потенциал хавфли ифлосланишнинг йирик миқдори ҳақида кетяпти - ахир айнан синтетик кийимни оқова сув билан ювиш натижасида атроф-муҳитга кўп миқдорда микропластик чиқарилади. Илгари, балиқ бу чиқиндини муаммосиз ҳазм қилади, деб ишонилган эди, лекин энди балиқлар репродуктив органларида микропластик излари топилмоқда.
Микропластикдан қандай қутулиш мумкин?
Мидия (Бутунжаҳон океанида яшовчи майда икки табақали молюска) ҳозирда микропластикага қарши курашда асосий ёрдамчилардан бири ҳисобланади. Улар океанни нисбатан юқори самарадорлик билан тозалайди. 300 та мидия колонияси бир соат ичида чорак миллион микропластикни фильтрлай олади. Математик моделлар шуни кўрсатадики, келажакда мидия сувдаги 25 фоиз микропластикни фильтрлаши мумкин.
Шу билан бирга тадқиқотчилар чиқиндиларни фильтрлашнинг янги усулларини изламоқда. Голландияда, масалан, бунинг учун улар "пуфакли тўсиқ"дан фойдалана бошлади - пуфакчалар оқими дарё олиб келаётган пластикни соҳилга тўплайди. Амстердамда 2019 йилда шу тарзда, каналлардан бири орқали Шимолий денгизга кирадиган полимер чиқинди ҳажмини 86 фоизга камайтиришга муваффақ бўлишди. Португалия ҳам келаси йили шунга ўхшаш лойиҳани ишга туширишни режалаштирмоқда.
Уйда микропластик ҳимояланиш
Сувни микропластикдан тозалаш учун мидия колониясини уйда жойлаштиришни тасаввур қилиш қийин, «пуфакли тўсиқ»ни ҳам уй шароитида қилиб бўлмайди. Лекин пластик ифлосланиш билан курашиш учун маиший усуллар ҳам бор.
Экофаоллар, асосан, савдо-сотиқда камроқ синтетикага мурожаат қилишни ва ҳеч қандай ҳолатда пластик чиқиндиларни қайта ишланмайдиган чиқиндилар билан қўшиб ташламасликни маслаҳат беришади - ахир улар оқибатда свалкага тушади-да.
"Яшил" тавсиялар орасида эса кир ювишга ёндашувни ўзгартириш айтилган. Агар кир ювиш машинаси тўлиқ юкланишини кутсангиз, барабандаги кийимлар ишқаланиши камаяди, бу эса ўз навбатида оқовага кетадиган толалар миқдорини камайтиради. Бундан ташқари, синтетик материаллардан тушган микропластикни йиғадиган махсус фильтрлар ҳам мавжуд.
Гулнора Холдорова тайёрлади.