Чегарада эътиборсизликка йўл қўйган тиббиёт ходимларига чора кўрилди

Коронавирус кириб келиши масаласида эътиборсизликка йўл қўйган ходимларга чора кўрилди, деб хабар қилди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қашқадарё вилояти санитария ва эпидемилогик осойишталик маркази берган маълумотга кўра, Нишон тумани Таллимаржон ҳудудидаги СКП бир маротабалик ишлатиладиган ниқоб ва бир маротабалик ҳимоя кийими билан тўлиқ таъминланганлиги ва ходимлар ишларини назорат қилмаганлиги ҳамда коронавирус касаллигига қарши эпидемиологик чора-тадбирларни етарли даражада ташкиллаштирмаганлиги сабабли Нишон тумани СЭО маркази бош врачи Алишер Нормўминовга интизомий чора кўрилди. Вазифасини яхши ўзлаштирмаган СКП ходими Акром Сайитовнинг меҳнат шартномаси бекор қилинди.

4 февраль куни вилоят СЭО маркази бош врачи С.Муродов, эпидемиолог Р.Музаффаров, Нишон тумани СЭО маркази бош врачи ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан Таллимаржон ҳудудидаги (Туркманистон билан чегарадош) СКПга бориб ўрганиш ишлари олиб борилган.

Аниқланишича, ҳозирги пайтда Туркманистон томонидан ҳудудга ўтиш ва чиқиш тақиқланган. 2020 йилнинг январь ойида 1000 та фуқаро (шундан 935 нафари хорижлик) тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, СКПни ўрганиш куни, яъни 4 февраль куни 5 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, иситмалаган беморлар аниқланмаган. 

1 февралдан 4 февралга қадар СКП орқали 58 нафар ўтган фуқароларнинг барчаси Туркманистон фуқароларидир. СКПда бугунги кунда 4 та пирометр – масофавий (дистанцион) термометр, 65 та тиббиёт (симобли) термометр, 50 та кўп маротабалик ниқоб, 4 та бир маротабалик ҳимоя кийими, 5 та ўлатга қарши ҳимоя кийими билан таъминланган. Тепловизор – масофавий турғун ҳарорат ўлчовчи ускуна йўқ.