Четдан келтирилаётган картошка ва сабзавот уруғликларининг назорати кучайтирилади
2020 йилда «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси томонидан 5513 та назорат тадбири қарийб 5200 та мониторинг ташкил этилди. 444 ҳолатда (56,42 гектар) ерларни ўзбошимчалик билан қишлоқ хўжалик муомаласидан чиқарилиши оқибатида давлатга 10 миллиард 174 миллион сўмлик зарар етказилган ва иш бўйича тўпланган материаллар судларга тақдим этилган.
Бу маълумотлар вилоят Матбуот уйида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан 2020 йилда бажарилган ишлар ва 2021 йилга белгиланган режаларга бағишланган матбуот анжуманида билдирилди.
- Ўтган йили вилоятимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштирилган бўлса-да соҳада бирмунча камчиликларга ҳам йўл қўйилди, - дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Каримов. – Жумладан, четдан келтирилган картошка уруғлигининг кутилган натижа бермаганлиги, фермер хўжаликлари зарар кўрганлик ҳолатлари ўрганилмоқда. Бу каби ҳолатларни олдини олиш учун, аввало, маҳаллий уруғчилик базасини такомиллаштириш, қолаверса, четдан келтирилаётган уруғнинг назоратини кучайтириш тадбирлари амалга оширилади. Бундан ташқари, Булунғур туманида картошканинг супер элита ва элита авлодларини етиштирадиган фермер хўжаликларини ихтисослаштирилиши бўйича назорат ўрнатилади. 88 минг 337 гектар майдонга экиладиган асосий ва такрорий экин майдонларидаги полиз-сабзавот уруғлари экинларининг сифати, навдорлиги устидан назорат олиб борилади.
Афсуски, матбуот анжуманида кўплаб саволлар очиқ қолди. Ахир фақат ерни ноқонуний ўзлаштирганларни жавобгарликка тортиш, етиштирилган ҳосилни ҳисоб-китоб қилиш билан чекланмасдан фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик субъектларига маҳсулот етиштиришда амалий ёрдам бериш ҳам агроинспекциянинг вазифасига киради. Ўйлаймизки, кейинги ҳисоботларда аграр тизимда самарадорлик ва ҳосилдорликни ошириш, минерал ўғитлар таъминоти, фермер манфаатини таъминлаш, самарасиз ва рентабеллиги паст хўжаликларни аниқлаш ва фаолиятини яхшилаш вазифалари ҳам эътибордан четда қолмайди.
Ўктам Худойбердиев.