Четдан ноқонуний олиб келинган “Nexia” автомашиналари мусодара қилинди
Фарғона вилоятида ноқонуний йўл билан олиб кирилган 2 дона “Nexia” машинаси давлат фойдасига мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Фарғона тумани Ёшларобод қишлоғи ҳудудида “Nexia” русумли автомашинани бошқариб кетаётган Н.Т тўхтатилиб текширилганда унинг қилмиши фош бўлди. Аниқланишича, 1996 йилда ишлаб чиқарилган мазкур автомашина кузов ва двигатель рақамларига кўра қўшни давлатга тегишли экан.
“Н.Т нинг кўрсатмаси асосида унинг Фарғона шаҳридаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилиб, ҳовлисида 1 дона “Nexia” русумли автомашина тургани, у ҳам қўшни давлатга тегишли транспорт воситаси экани маълум бўлди.
Н.Т ва А.Қ.лар қўшни давлатга бориб, у ердаги танишидан 2 дона “Nexia” русумли автомашинани сотиб олган. 600 доллар эвазига айланма йўллар орқали, божхона назоратини четлаб, Фарғона тумани ҳудудига олиб ўтган”, - дейилган хабарда.
Улар бошқа автомашинанинг давлат рақамларини ноқонуний олиб ўтилган машинага тақиб қўйишган. 2 дона “Nexia” русумли автомашинани эҳтиёт қисмларга ажратган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида сотиб фойда кўрмоқчи бўлган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида мазкур автомашиналар Ўзбекистон ҳудудида рўйхатга олинмаганлиги, уларнинг қиймати 44 миллион 500 минг сўмни ташкил қилиши аниқланган.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан уларга нисбатан иш ҳужжатлари тўпланиб, шаҳар маъмурий судига юборилган.
Суд томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо тайинланиб, 2 дона “Nexia” русумли автомашина давлат фойдасига мусодара қилинди.