Юк автомашинасида ёнғин келиб чиққан ҳайдовчи хавфдан қутқарилди

Жорий йилнинг 4 август куни соат 06:00 да Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани “Халқобод” МФЙ ҳудудидан ўтувчи А-376 “Жиззах-Қўқон” автомобиль йўлининг 293 км.да Жиззах йўналишида ҳаракатланиб кетаётган, Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи фуқаро Р.Х.га тегишли ГАЗ-53 русумли юк автомобилида ёнғин келиб чиққан.

Бу ҳақдаги хабарни шу ердан ўтаётган фуқаро “101” рақамига етказган.

Мазкур мурожаат юзасидан Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Жиззах шаҳар Ёнғин хавфсизлик бўлимининг ёнғин-қутқарув бўлинмаси зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

Қутқарувчилар ёнғин жойига етиб борганида, юк автомобилининг мотор ва кузов қисми аланга ичида қолганлиги, агар олов автомобилнинг бортига ўтса, газ баллонларининг портлаш хавфи мавжудлиги аниқланди.

Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин қисқа муддатда бартараф этилди. Автомобиль ҳайдовчиси эса куйиш тан жароҳати билан Жиззах шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати жонлантириш бўлимига ётқизилган.

ФВВ хабарига кўра, 5 август куни шифокорлар томонидан жабрланган фуқарога жавоб берилган.