"Чўлоқ" автобусларга бир бор йўловчи бўлайлик
Даврада шаҳримиздаги жамоат транспорти муаммолари ҳақида гап борди. Шунда Темирйўл вокзалидан Сиёб деҳқон бозори томонга автобусда ўтганмисиз, деган саволни ўртага ташладим.
— Ҳа, деярли кунда, кунора шу манзиллар оралиғидан автобусда ўтишга тўғри келади, — дея жавоб қайтарди суҳбатдошлардан бири. — Бу кўчадан уловда ҳам, яёв ҳам ўтиш жуда машаққат.
— Йўғ-э, — эътироз билдирди иккинчи суҳбатдош. — Ахир, бу йўлдан трамвайлар ҳам ғизиллаб қатнаб турибди-ку!
— Ана шу трамвайларнинг йўли очилиши билан автобусларнинг йўли ёпилиб қолди-да. Ҳозир Сиёб деҳқон бозори томонидан "Дагбитский" тарафга автоуловда келмоқчи бўлсангиз, ё аэропорт йўлидан айланасиз, ё, Хўжа Зудмурод масжиди ва 3-ҳаммом оралиғидаги тор кўчадан ўтишингизга тўғри келади.
Икки суҳбатдош маҳаллий тил билан айтганда, “Ховоси” ва Шодиёна бекатлари орасидаги бор-йўғи 500—600 метр узунликдаги кўчанинг 3 йилдан буён бир тарафлама ёпилиб қолгани, бунинг оқибатида пиёда ва автоуловлар ҳаракатида катта муаммолар пайдо бўлганлигини бот-бот таъкидлашди. Охири бири: "Кеча 66-автобусда бораётган эдим. “Ховоси”дан 50-100 метр ўтишимиз билан автобус гоҳ ўнгга, гоҳ чапга хатарли чайқала бошлади. Пинакка кетганларнинг уйқуси очилди, ёш болакайлар олазарак бўлиб ўриндиққа ёпишди. Шу тариқа камида 15-20 марта чайқалган автобус ниҳоят пастликка эниб, равонроқ йўлни топди. Шунда йўловчилардан бири: "Безовта бўлманглар, йўл нобоплигидан автобуслар ҳам чўлоқланадиган бўлиб қолди", дея кесатди.
Бу кесатиқда жон борга ўхшайди. Ҳарқалай, уларнинг ўрнида бўлиб, ушбу гапнинг ёлғон, чинлигига ишонч ҳосил қилиш учун "чўлоқ автобуслар"га бир бор йўловчи бўлайлик.
Қувондиқ ХАЛИЛОВ.