Чойхонадаги жанжалда фуқаро уч кишини ўқ отар қурол билан жароҳатлади

Бош прокуратура матбуот хизмати ўқ отар қурол қўллаган ҳолда содир этилган жиноят юзасидан баёнот берди.

Қайд этилишича, бугун, 6 февраль куни соат 00.10 ларда Қўқон шаҳар, Генерал Узоқов кўчасида жойлашган чойхонада фуқаро Ж.Ж. фуқаро Б.М. ва унинг икки нафар шериклари билан жанжаллашган.

Жанжал давомида Ж.Ж. чойхонага кириш эшиги олдида турган Б.М. ва унинг шерикларига ўзида бўлган ўқ отар қурол (ов милтиғи)дан икки маротаба ўқ отиб, тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан яширинган.

Жабрланувчилар олган жароҳатларнинг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 25,97-моддаси 2-қисми "а, п" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.