Чумчуқлида ис газидан заҳарланишга нима сабаб бўлган?
Ургут туманининг Чумчуқли маҳалласида аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан фожиали вафот этди. Бу ҳақдаги хабар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди ва хунук ҳолат одамларни ҳушёрликка чорлади.
Хўш, ҳодисага нима сабаб бўлган?
Мухбир ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Ургут тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Дилмурод Санақулов билан суҳбатлашган.
Маълум бўлишича, 2021 йил 28 октябрдан 29 октябрга ўтар кечаси аёл иситиш печида таппи ва кўмир кукуни аралашмасидан тайёрланган тезак ёққан. Аммо печка мўриси қурум билан тўлиб қолган, иситиш печи эса тозаланмасдан ёқилган. Оқибатда ис газидан заҳарланиш келиб чиққан.
Суҳбат давомида Д.Санақулов Чумчуқлида уч киши вафот етганини, улардан икки нафари 2010 ва 2016 йилда туғилган вояга етмаган болалар бўлганини тасдиқлади. Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Д.Санақуловнинг айтишича, туман ФВБ ходимлари томонидан ижтимоий тармоқлар, ОAВ орқали, шунингдек турли ташкилотлар ва маҳаллаларда юриб, ис газидан заҳарланишга қарши тарғибот ишлари олиб бориляпти. Aммо шунга қарамасдан одамлар ҳамон уй иситиш печларини ёқишда печларнинг созлигига, мўриларни тозалаш ишларига эътиборсиз бўляпти.
«Фуқаролардан турли иситиш печларини ёқишдан аввал мўриларни тозалашларини, печларнинг созлигини текширишларини илтимос қиламиз. Aгар улар озгина эътиборли бўлсалар, Чумчуқли маҳалласида юз берган фожиага ўхшаш ҳолатлар такрорланмасди», дейди Д.Санақулов.