"CTOUR" журнали: Самарқанд йирик ва нуфузли халқаро тадбирлар ўтказиш жойига айланди

Германиянинг "CTOUR" журналида Ўзбекистон ҳақидаги кўплаб сайёҳлик қўлланмалари муаллифи, фотограф Карстен Бодо Тёнснинг "Ипак йўли" марказида шарқона мусиқа фестивали" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Муаллиф Бодо Тёнс ўқувчиларни Самарқанднинг маданий ва тарихий меросини ўрганишга таклиф қилади. Унинг ёзишича, шаҳар ҳар бир сайёҳ учун Ўзбекистондаги энг муҳим манзиллардан биридир. 2700 йилдан ориқ тарихга эга бўлган бу қадимий шаҳар халқаро анжуманлар ва маданий тадбирлар, жумладан, "Шарқ тароналари" каби нуфузли халқ мусиқаси фестивали учун муҳим марказга айланиб улгурган. Шу ўринда муаллиф, жорий йилнинг сентябрь ойида Германия Федерал канцлери Олаф Шольцнинг мамлакатимизга расмий ташрифи ҳам ушбу шаҳарда бўлиб ўтганини таъкидлаган.

Бежирим суратлар билан бойитилган мақолада 2016 йилдан кейин Ўзбекистондаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган. "Мамлакат ўзининг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида туризм инфратузилмасига катта сармоя киритиб, янги туристик ҳудудларни ривожлантирмоқда. Самарқанд шаҳри яқинида барпо этилган замонавий, кўп қиррали "Silk Road Samarkand" мажмуаси айнан шу мақсадга хизмат қилади. Бу мажмуа сунъий канал атрофида жойлашган бўлиб, бугун ШҲТ ва ЮНВТО Бош Ассамблеясининг 25-сессияси каби катта халқаро анжуманлар, йирик халқаро ташкилотларининг саммитлари ҳамда йирик спорт мусобақаларига мезбонлик қилмоқда", – дея қайд этган муаллиф.

Бугун афсонавий Самарқанд дунёдаги нуфузли ташкилотларнинг учрашув жойига айланди. Меҳмонлар бу ерда замонавий меҳмонхоналар, овқатланиш ва дам олиш мажмуаларини ўзида мужассам этган тарихий кўринишдаги "Боқий шаҳар"га ташриф буюриш имкониятига эгалар.

Немис нашри маданий ва сайёҳлик ҳаётининг маркази бўлган машҳур Регистон майдонига алоҳида урғу берган. Мақола муаллифи бу мўъжизавий майдонга таъриф бериш учун таниқли британиялик саёҳатчи, давлат арбоби Жорж Керзоннинг Регистон ҳақидаги таърифини келтиради: "Регистон ҳатто Европада ҳам қиёси йўқ дунёдаги энг ҳашаматли майдондир".

Шунингдек, муаллиф, Амир Темур ва унинг набираси Мирзо Улуғбек қолдирган моддий ва маънавий мерос ҳақида ҳам батафсил тўхталган.

"1997 йилдан буён айнан шу майдонда ЮНЕСКО ҳамкорлигида "Шарқ тароналари" фестивали ўтказиб келинмоқда. 2024 йилнинг август ойида, пандемия сабабли юзага келган беш йиллик танаффусдан сўнг, фестиваль яна ташкил этилиб, бутун дунёдан иштирокчиларни йиғди. Европадан, Осиёдан ва ҳатто Африкадан келган иштирокчилар миллий мусиқа ва нафис рақс намойишларини гувоҳ бўлдилар", – деб таъкидлаган у.

Муаллиф Самарқанд Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари орасида ўзига хос ўрин тутишини, чунки бу ерда тарихий мерос ва замонавий туристик инфратузилма ажойиб тарзда уйғунлашганини маълум қилган. Бодо Тёнс, шунингдек, шаҳарни халқаро ҳамжамият учун жозибали маданий ва сайёҳлик маркази сифатида моҳирона тасвирлайди ва ушбу фестивални кенг жамоатчилик учун янада ҳам оммабоп қилиш зарурлигини таъкидлаган, дея хабар беради  "Дунё" АА..