Давлат активлари сотуви: қайси объект, қай тартибда танловга қўйилади?

Кўпчилик тадбиркор бўлишни истайди, аммо бунинг учун аввало, бино, кейин ер лозим. Ишбилармонликни ихтиёр этганларни энг кўп қийнайдиган масала ҳам аслида шу икки восита ҳисобланади. Бўш турган давлат мулки объектларини ижарага бериш ёки хусусийлаштириш тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда инсон омили иштирокисиз очиқ аукцион савдолари ўтказиш шаффофликни таъминлайди.

Хўш, қайси объектлар ва  қай йўсинда танловга қўйилади?

Бу саволга жавоб асосида Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Суҳроб Маҳмараимов фикр юритди.

- Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 январдаги “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган, - деди С.Маҳмараимов. - Биринчи босқичда бўш турган давлат активлари мазкур фармон ва ҳукуматнинг тегишли қарорлари талабларига асосан қурилиш ости майдони 5 минг квадрат метргача бўлган объектлар халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори асосида хусусийлаштирилади. Давлат активларини бошқариш агентлиги эса бундай биноларни “E-auksion” электрон савдо майдончасига чиқаради.

 Мисол учун, ҳудудий бошқармамиз томонидан 2021 йилда вилоятдаги 68 та давлат активи 95,4 миллиард сўм бошланғич нарх билан оммавий савдоларга чиқарилди ва шундан  47 таси 70,9 миллиард сўмга сотилди.

Жумладан, “Каттақўрғон шаҳар стоматология” МЧЖдаги 100 фоиз давлат улуши  2,6 миллиард сўмга, “Каттақўрғон йўл қурилиш-таъмирлаш ” МЧЖга тегишли бўш турган бино-иншоотлар 1,2 миллиард сўмга хусусий секторга сотилди.

2021 йилда “Ўзқишлоқэлектрқурилиш”АЖ устав фондидаги  34,9 фоиз давлат акция пакети 20 миллиард сўмга, “Каттақўрғон ёғ-мой” устав фондидаги 64,9 фоиз давлат акция пакети 37,2 миллиард сўмга хусусий секторга ўтказилди.

Жорий йил бошидаги ҳолатга қарайдиган бўлсак,  жами 21 та давлат мулки объекти (14 таси кўчмас мулк объекти, 7 таси улуш (акция)лар) 24,36 миллиард сўм бошланғич нархда оммавий савдоларга чиқарилганди. 2022 йил 25 март кунига қадар 3 та объект, (“SAMARQANDNUR” МЧЖнинг тўлиқ давлат улуши 725,7 миллион сўмга, “Gulobod tongi gazetasi”нинг 100 фоиз давлат улуши 257,8 миллион сўмга ва “Омухта ем сотиш шохобчаси” биноси 333,8 миллион сўмга) жами 1 миллиард 317 миллион сўмга сотилди.

Жорий йил бошидан 3 та давлат активи (“NOSHIR LUX” МЧЖ устав фондидаги 16,6 фоиз давлат улуши 239,5 миллион сўм, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” МЧЖ устав фондидаги тўлиқ давлат улуши 405,5 миллион сўм ҳамда “AVTOTRANS URGUT” МЧЖ устав фондидаги 100 фоиз давлат улуши 1 740,2 миллион сўм) жами 2 миллиард 385,3 миллион сўм бошланғич нархда оммавий савдоларга чиқарилган.

Бугунги кунда бошланғич нархи 25 миллиард 516 миллион сўм бўлган 21 та давлат активи оммавий савдоларда турибди.

Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан хўжалик жамиятлари устав капиталидаги хусусийлаштириладиган акция пакетлари (улушлари) рўйхати тасдиқланган. Мазкур рўйхатда вилоятимиздаги 2 та – “UzAuto TRAILER” МЧЖнинг тўлиқ давлат улуши ва “Uz Truck and bus motors” МЧЖ қўшма корхонасининг 50 фоиз давлат улуши сотилади.

Шунингдек, қарордаги сотиладиган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ тасдиқланган рўйхатида вилоятимиз бўйича жами 127 та кўчмас мулк объекти оммавий савдолар орқали сотилади.

2022 йил вилоятимизда мулк ҳуқуқи асосида аукцион савдоларига чиқариладиган жами 486 гектар ер участкаси майдони

“E-auksion” электрон савдо платформаси орқали сотилиши белгиланган.