Давлат дастурига таклифим бор: Маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш керак
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасига айрим таклифларимни билдирмоқчиман.
Хорижий давлатлар тажрибасида муаммоларни қуйидан юқорига йўналишда ечиб бориш тизими йўлга қўйилган. Хорижий давлатларда эса маҳалла деган тизимни ўзи мавжуд эмас. Шу нуқтаи назардан, маҳалла тўғрисидаги қонунда Маҳалла-туман (шаҳар)-вилоят-республика тизимининг амалга ошириш механизмлари назарда тутилиши мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, давлат раҳбари ташкил этилган ҳоким ёрдамчиси лавозими орқали, ҳар бир ҳудуднинг маҳаллалари кесимида тараққиёт стратегиясининг элементларини шакллантириш ва бунга тегишли эксперт ва мутахассисларни жалб этилса маъқул бўларди.
Маҳаллалар молиявий мустақиллигини таъминлашда маҳалланинг мақоми ва ваколатларини аниқ мезонлар асосида ташкил қилиниши ҳам зарур, деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда амалдаги қонунга кўра маҳалла нодавлат–нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Масалан, хорижий давлатларда кўпчилигида маҳалла тизими йўқ, лекин аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда қандайдир ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилган. Бизда, маҳаллада маҳалла тижорат билан шуғулланмаса-да бугунги кунда кўпгина ишларни ижтимоий шериклик асосида маҳалла таркибий тузилмаси орқали амалга оширилмоқда.
Шу нуқтаи назардан маҳалла қандайдир хизматларни амалга оширишда шартномалар асосида ҳисоб рақамига пул тушириши, мазкур ҳосил бўлган маблағларни ҳудуд ижтимоий–иқтисодий ривожланиши, аҳолини қўллаб қувватлашга ва маҳаллада ишловчи ходимларни моддий рағбатлантиришларига йўналтирилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Шаҳриёр Холбоев,
СамДУ тадқиқотчиси, Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали бош мутахассиси.