Давлат дастурининг бешинчи устувор йўналиши халқаро анжуман иштирокчилари диққат марказида

“Тараққиёт стратегияси” маркази Олий Мажлис Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш» мавзусида халқаро онлайн анжуманни ўтказди.

Мазкур онлайн тадбирда Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш масалаларида мамлакатнинг халқаро иқтисодий рейтинглардаги мавқеини яхшилаш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга алоҳида урғу берилди.

– Мазкур виртуал мулоқотдан кўзланган мақсад ташқи сиёсат соҳасидаги давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги маълумотлардан халқимиз, қолаверса, халқаро жамоатчиликни кенг хабардор этишдан иборат, - дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Э.Туляков. - Шунингдек, ушбу ислоҳотларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш юзасидан маҳаллий ва хорижий экспертлар билан бирга муҳокамалар олиб бориш ҳамда аниқ таклифлар ишлаб чиқиш асосий мақсадимиздир.

Халқаро тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, Питтсбург университети (АҚШ) жамоатчилик ва халқаро алоқалар Олий мактаби доценти Женнифер Брик Муртазашвили Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Таъкидланганидек, жорий «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да Давлат дастури бешта устувор йўналиш бўйича жами 284 та бандни амалга оширишни назарда тутади, шундан 16 таси бевосита ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар билан алоқадор.

Халқаро давра суҳбатининг иккинчи қисмида тақдим этилган маълумотлар муҳокама қилиниб, умумлаштирилди ҳамда иштирокчиларнинг эътибори аниқ таклифларни ишлаб чиқишга қаратилди.

Умуман олганда, мазкур мулоқотлар Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг аҳоли қатлами ва хорижий аудиторияни таништириш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ахборот хизмати.