Давлат меҳнат инспекторлари 2021 йилда 3296 та қонунбузарлик ҳолати аниқлаган, 1,6 миллиард сўмдан зиёд маъмурий жарима қўллаган
Бу ҳақда Zarnews.uz га вилоят меҳнат бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари - бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори Ш.Холиқулов маълум қилди.
“2021 йилда давлат меҳнат инспекцияси ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан 829 та текшириш ўтказилган, 3296 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган, 1 646 167,0 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган, - деди у. - Текширишлар давомида 5 нафар фуқаро ишга тикланди, 17 нафар фуқаронинг 42 804,0 минг сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилди.
Қонунбузарликларнинг аксарият қисми электрон меҳнат шартномалари тузиш, иш ҳақини ўз вақтида тўлаш, меҳнат таътиллари бериш, бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни ўз вақтида ва белгиланган тартибда тақдим этмаслик билан боғлиқ масалаларга оид бўлди”.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан қўлланилган маъмурий жарималар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан (меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш) 571 510,0 минг сўм ҳамда МЖтКнинг 229-моддаси 1-қисмига асосан (бўш иш ўринларини яшириш) 947 240,0 минг сўм миқдорида қўлланилган.
“Бу даврда 852 та мурожаат кўриб чиқилиб, шундан 598 мурожаат бўйича фуқароларнинг ҳуқуқи тикланган, 254 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Шунингдек, давлат меҳнат инспекцияси томонидан 34 нафар фуқаронинг манфаатларини кўзлаб ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилган ва 24 нафар фуқаро ишга тикланган, бундан ташқари 10 нафар фуқаронинг 80 169,0 минг сўмлик иш ҳақи ундириб берилган”, деди Ш.Холиқулов.