Давлат хизматлари маркази аҳолига қандай қулайлик яратяпти?
Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчил такомиллашиб, сифатли, тезкор, шаффоф давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда.
Шу ўринда таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги қарори билан фаолияти йўлга қўйилган дастлабки вақтда 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бир йил ичида хизмат турлари 100 тага етди. Бугунги кунга келиб, жойларда 120 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилда аҳолига 478 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 1 миллион 126 минг 688 тани ташкил этди. Шундан, 28 440 та (9184 мингдан ортиқ юридик, 19151 та якка тартибдаги ва 105 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона) тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мурожаатчиларга барча қулайликлар яратилади
Давлат хизматлари кўрсатишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Нуробод тумани марказидан 130 километр узоқликда жойлашган Саҳоба, Қўшработ тумани марказидан 120 километр узоқликда жойлашган Жомбулоқ маҳаллаларида давлат хизматлари марказларининг филиаллари ташкил этилди. Ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари ишлайдиган бу филиалларда 2019 йил давомида фуқароларга 2093 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Маълумот ўрнида, 2019 йилда Нуробод, Пахтачи, Қўшработ ва Самарқанд туманларида Давлат хизматлари марказлари янги биноларда иш бошлади. (Қолган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари янги биноларининг қурилиш ишлари давом этмоқда.) Ушбу замонавий, инновацион марказларда мурожаатчилар учун барча қулайлик яратилган: мониторларда давлат хизматлари марказлари томонидан тақдим этилаётган хизмат турлари ҳақида маълумотлар бериб борилади, электрон навбат тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, мазкур биноларда туман нотариуси, Адлия ва ФҲДЁ бўлимлари, Халқ қабулхонаси жойлаштирилган. Қолаверса, болалар хонаси, инвесторлар учун махсус жиҳозланган хона, тиббиёт хонаси ҳамда банк кассалари хизмат кўрсатади.
Хизматлар сони, сифати ва салмоғи оширилмоқда
Ўтган йилда Паст Дарғом тумани Давлат хизматлари марказида тажриба тариқасида миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадагисига алмаштириш хизмат тури жорий этилди.
Бундан ташқари, барча техник воситалар билан жиҳозланган махсус автобус ҳамда туман, шаҳар Давлат хизматлари марказларининг “Дамас” русумли автомашиналарида олис маҳаллаларда 36607 нафар фуқароларга сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди.
2019 йил март ойидан бошлаб тадбиркорлар учун банк ҳисобрақамини масофадан туриб очиш имконияти яратилди. Бунда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар ўзига маъқул банкни танлайди ва 5 дақиқа ичида банк ҳисобрақамини очади. Бунинг учун Давлат хизматлари марказига ташриф буюриш ёки fo.birdarcha.uz орқали электрон хизматдан фойдаланиш мумкин.
2019 йил 1 апрелдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олиши белгиланди. Яъни, фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъий назар исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Бу хизмат барча хизмат турлари учун ташкил этилган.
Масалан, республикамизнинг исталган шаҳрида фаолият юритишни мақсад қилган тадбиркор ўз яшаш ҳудудидаги марказлар орқали рўйхатдан ўтиши мумкин. Улар фақат фирмаларни рўйхатдан ўтказиш соҳасига татбиқ этилмайди. Исталган ДХМ орқали кўрсатиладиган аксарият хизматлардан шу тариқа фойдаланиш мумкин.
Қонунбузилишига йўл қўйилмайди
2019 йилда бошқарма масъул ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишларда давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар ва бошқа ташкилотлар томонидан 23 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Оқибатда ваколатли органларнинг 238 нафар раҳбарлари ва масъул ходимлари бошқарма томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215-5-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Киритилган 40 та тақдимнома натижасида 43 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилиб, ваколатли органларга 225 та расмий огоҳномалар киритилган.
Ислом НАРЗУЛЛАЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бош маслаҳатчиси.