Давлат хизматлари марказларида кўрсатиладиган хизматлар яна биттага кўпайди

Жорий йил 30 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

Ушбу қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2018 йил 5 декабрдаги 994-сонли Қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Лицензия олиш учун ариза берувчи давлат хизматлари марказига қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

А) Юридик шахс учун - юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами;

-  Жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) учун - юк ташиш ҳуқуқига лицензия олишда - фамилияси, исми, отанинг исми, паспортга ҳамда хайдовчилик гувоҳномасига оид маълумотлар;

-  фаолиятнинг лицензияланадиган тури (ёхуд унинг бир қисми) кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги сўровнома ва/ёки лицензия варақлари олиш учун корхона ихтиёрида бўлган автотранспорт воситаларининг рўйхати билан бирга автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўгрисидаги маълумотлар;

Б) Ариза берувчида хайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларни техник кўрикдан ўтказиш ёхуд ариза берувчининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти яратиб берилиши тўғрисидаги шартномаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кўллаган холда лицензия варақларини электрон шаклда расмийлаштириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1 босқич - ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига (ДХМ) ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтади (хоҳишига қўра, мурожаат қилганда). Маъмурий регламент ва оммавий оферта билан танишиб чиқади. Давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғим тўланади (энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида давлат божи ундирилади).

2 босқич - ДХМ/ЯИДХП сўровномани лицензияловчи орган (Транспорт вазирлиги)га юборади (1 соат мобайнида, автоматик тарзда).

3 босқич - лицензияловчи орган (Транспорт вазирлиги ва ҳудудий бошқармалари) – Ариза берувчини лицензия талаб ва шартларига мослигини ўрганади (1 иш куни). Ариза берувчини лицензия талаб ва шартларига номувофиқ деб топилган тақдирда давлат хизматлари марказига (ўзи келиб этган тақдирда)ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари орқали лицензия беришни рад этиш тўғрисида қабул қилган қарори юзасидан хабар юборади (1 иш куни).

4 босқич - ДХМ ариза берувчини (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) қабул қилинган қарор ҳақида ҳамда лицензия/лицензия варақлари бериш учун ўрнатилган тартибда давлат божи тўловларини амалга ошириш тўғрисида хабардор қилади (1 соат мобайнида).

5 босқич- ариза берувчи лицензия/лицензия варақлари бериш ҳақида қарор келиб тушгандан сўнг, лицензия варақлари бериш учун давлат божи тўловлари амалга оширилади (3 ой мобайнида).

6 босқич- лицензияловчи орган (Транспорт вазирлиги ва ҳудудий бошқармалари):

1) ижобий қарор мавжудлиги ва лицензия/лицензия варақлари бериш учун тўловлар тўлаганидан сўнг QR код билан химояланган лицензия/лицензия варақларини ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаб расмийлаштирилади;

2) лицензия/лицензия варақларини (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади (1 иш куни).

7 босқич - ДХМ лицензия/лицензия варақасини талабгорга ўзи шахсан келганда унга ўз муҳрни кўйиш йўли билан берилади (1 соат мобайнида).

Давлат хизматлари марказлари ва лицензияловчи орган ўз фаолиятида амалга ошириш натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

ДХМ Самарқанд вилояти бошқармаси.