Депутат карантинда нима билан банд?

Халқимиз бошидан кечаётган бугунги синовли кунларда одамларга имкони борича яхшилик улашиш, оғирини енгил қилишга бел боғлаганлар сафи талайгина. Халқ депутатлари Тойлоқ тумани Кенгаши депутати Нилуфар Акрамова ана шундай ташаббускор инсонлардан бири.

У пандемия даврида ишни тумандаги Истиқлол, Сочак, Гулобод маҳаллаларида яшовчи ишсиз, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилалар рўйхатини шакллантиришдан бошлади. Ҳудуддаги тадбиркор ва ҳомийлик қилиш истаги бўлган фуқароларни рўйхати шакллантирилган эҳтиёжманд оилаларга бириктирди. Шу тариқа маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида хайрия ишлари бўйича комиссия шакллантирилиб, тушган маблағлар ёки озиқ-овқат маҳсулотларини мувофиқлаштириш иишлари йўлга қўйилган.

Жумладан, тумандаги “Лимон лайн” корхонаси томонидан 45 та оилага 15 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Эътиборлиси, бундай хайрли ишларга шу маҳаллада туғилиб ўсиб, бугунги кунда чет элда даромад топаётган саховатпеша инсонлар ҳам ўз ҳиссасини қўшиш истагини билдириб, 40 миллион сўм хайрия қилган. Ушбу маблағлар 340 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун сарфланди.

Депутат шунингдек, карантин вақтида қийин вазиятда қолганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Сочак маҳалласида яшовчи 10 та хонадонни қарамоғига олди. Уларни 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дезинфекцияловчи воситалар, тиббиёт ниқоблари билан мунтазам таъминлаб келмоқда.

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

“Адолат” СДП Самарқанд вилояти кенгаши раиси.