Депутат сайловчиларнинг таълим ва тиббиётга оид мурожаатларини эшитди, муаммоларнинг ҳал этилиши чораларини кўрди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда.

Жумладан, парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Азамат Пардаев Оқдарё туманида ўрганишлар олиб борди ва сайловчилар билан мулоқот қилди.

Тумандаги 38-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган учрашувда депутат Қонунчилик палатасининг кейинги мажлисларида муҳокама қилинган масалалар, қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида маълумот берди.

Мулоқот давомида ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ масалалар юзасидан муаммо ва таклифлар билдирилиб, уларнинг ечимида депутатлар кўмак сўралди. Хусусан, Даҳбед маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ҳудудда кўп қаватли уйлар қурилаётганини қайд этиб, оқова тизими яратиш зарурлигини таъкидлади.

А.Пардаев бу масалада тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилишини билдирди.

Шунингдек, учрашувда ўқувчиларнинг “Kundalik.com” тизимидан фойдаланиши, онкологик касаллиги бор инсонларга ёрдам бериш масалалари, газ нархи тарифларининг оширилиши аҳоли даромадлари билан боғланмагани юзасидан ҳам саволлар ўртага ташланди.

– Оқдарёда 5 та ижтимоий соҳа объектида бўлиб, уларнинг ҳолатини масъуллар билан бирга ўргандик,  – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Пардаев. – Бир қатор камчиликлар аниқланиб, уларни ҳал этиш чораларини белгиладик. Сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган даволаниш учун бепул дори-дармон билан таъминлаш, бир ойлик ҳарбий хизмат харажатини қоплашда амалий ёрдам бериш масалалари жойида ҳал қилинди. Алишер Навоий номли маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг канализацияси, тоза ичимлик суви муаммоси ва тумандаги умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг аттестация саволлари бўйича мурожаатлари юзасидан республика даражасидаги тегишли идоралар масъулларига мурожаат қилиш белгилаб олинди.

Аҳоли ўзлари сайлаган депутатнинг бу каби учрашувлар ўтказиб туриши ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини таъкидладилар.