Депутатлар бу аёлнинг шароитидан хабардормикан?
Таҳририятимизга Паст Дарғом тумани, Элбек маҳалласида яшовчи Наргиза Тўксариева келиб, моддий аҳволидан шикоят қилди.
«Онам 3 ёшимда дунёдан ўтган, ўгай она қўлида қийинчиликлар билан катта бўлдим. Минг афсуски, улғайгач, турмуш қурганимдан сўнг ҳам қийинчиликлар аримади. Икки марта турмуш қурдим, шаръий никоҳ асосида. Икки нафар фарзандим бор. Уйга қайтиб келганимда ўгай онам сиғдирмади. Нон топиш, болаларимни боқиш учун меҳнатдан қочмадим: ер ағдариш борми, экин экиш, гилам ювиш, хуллас, нима юмуш бўлса қилдим. Ресторанда ишладим идиш-товоқ ювувчи бўлиб.
Менга, болаларимга бошпана кераклиги учун бир неча марта тегишли идораларга мурожаат қилдим. Туман ҳокими ер ажратиб берди, раҳмат. Шунингдек, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан уйни қуриш учун хомашёлар ажратилди. Лекин аёл бошим билан уйни эпақага келтириб олишга қурбим етмаяпти. Мана, суратларини ҳам кўринг. Қишлоғимизда сув йўқ, пули борлар сувни сотиб олишади. Мен балчиқ ҳиди келиб турадиган сувдан фойдаланишга мажбурман. Болаларимни боқолмаганимдан мажбурликдан вақтинча Меҳрибонлик уйига жойлаштирдим. Ногирон отамга эса ўзим қараяпман. Қўни-қўшни ё бошқа жойда қандай оғир меҳнат бўлса ҳам бориб, қиламан, шу орқали озми-кўпми рўзғорни тебратиб турибман.
Яқинда эшитдим, депутатлар кам таъминланган аҳолига ёрдам беряпти экан. Менга кўп нарса керакмас. Яшашим учун озгина шароит бўлса бўлди. Ёрдам беришнинг наҳотки иложи бўлмаса?..»
P/S: Ушбу ҳудуддан вилоят ва туман Кенгашларига сайланган депутатлар Н.Тўксариеванинг муаммосига эътибор қаратади, деган умиддамиз.