Депутатлар кучаяди (ми?!)
2 февраль куни давлат раҳбари «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонни имзолади.
Одатга хилоф ўлароқ, ҳужжатга шарҳ ҳам берилди. Аксар ҳолларда бутун мамлакат бўйича бир хил юридик кучга эга бўлган ҳужжатларга кўпам шарҳ берилавермайди.
Халқ вакиллари ҳуқуқи кенгаядими?
Мақола аввалида қайд қилинган фармон ҳақида эшитганлар борки, шу гап хаёлидан ўтяпти. Аввало, фикрлаб кўринг, аввал ҳуқуқлари каммиди?
Бизнингча, йўқ, шу пайтгача ҳам депутатларда етарлича ҳуқуқ бўлган. Мисол учун, давлат бошқаруви органлари раҳбари уларни навбатсиз ва монеликсиз қабул қилиши шарт.
Улар тергов иши ва давлат сири бўлмаган исталган ахборотни сўраб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳуқуқ оддий фуқарода ҳам борку, дейишингиз мумкин. Фарқли томони шундаки, сизга 15 кунда, вакиллик органи аъзоларига 10 кундан кечиктирмай жавоб қайтарилиши керак. Қўшимча ўрганишлар талаб қилинса, фуқаро умумий ҳисобда 1 ой ҳам куттирилиши мумкин.
Савол туғилиши мумкин, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилгани янгилик эмасми? Асло, бу масала, яъни ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойил янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган.
Янги гап йўқми?
Аввало, қайд этиш лозим, фармон билан муайян соҳаларни ислоҳ қилиш, давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш мақсад қилиняпти. Яъни, давлат раҳбари имзолаган ҳужжат билан ҳоким ёки Кенгаш ваколатлари, ҳуқуқ ёки мажбуриятлари белгилаб берилаётгани йўқ. Шу масала бўйича тегишли масъул идораларга топшириқлар берилган.
Мисол учун, 33 та ваколатни маҳаллий Кенгашларга ўтказилиши таклиф этиляпти. Буни Олий Мажлис Сенати, Адлия вазирлиги ҳамда маҳаллий Кенгашлар ишлаб чиққан.
Таклиф маъқулланди-ку, дейишга шошилманг. Энди Кенгашлар янгича ишлаши мумкин бўлганида Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фармоннинг 1-иловасидаги таклифларни рўёбга чиқариш учун тегишли қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш тўғрисида ҳукуматга киритиш вазифаси берилмасди.
Ўзгаришлар қандай бўлади?
Албатта, Кенгашнинг мустақил фаолият юритиши, унинг ишига аралашмаслик бирданига амалга ошадиган жараён эмас. Жорий йил октябрь ойида ўтказиладиган сайловда шаклланадиган вилоят Кенгаши алоҳида бинода фаолият олиб боради. Кутилаётган асосий янгилик - шу.
Фармонда Олий Мажлис Сенатига маҳаллий Кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш чораларини кўриш вазифаси топширилди. Умуман, энди юқори вакиллик органи ҳудудлардаги вакиллик органлари билан ҳамнафас ишлаши керак. Шу маънода маҳаллий Кенгашлар томонидан ҳудуд манфаатларига оид муҳим ва долзарб масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатига таклифлар киритиш механизмини белгилаш назарда тутиляпти.
Умуман, маҳаллий Кенгашлар, уларнинг органлари ҳамда депутатларнинг назорат фаолияти такомиллаштирилиб, самарали назорат тизими шакллантирилади.
Депутатлари вилоят Кенгаши бу борада фақат мансабдор шахсларнинг ҳисботларини тинглаш билангина кифояланиб келаётган эди.
Бундан ташқари, маҳаллий Кенгашлар қарорларини ишлаб чиқишда ҳам жамоатчилик иштироки таъминланади.
Алоҳида бўлиб, нима ютади?
Депутатларни кўпдан қийнаб келаётган муаммо — маҳаллий бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш масаласи, десак бўлмас. Мантиқан қаралганда (қонун бўйича ҳам), бюджет тасдиқланиши-ю ижроси назоратига Кенгашлар ҳақли. Аммо бу жараёнда халқимиз, яъни сайловчилар хоҳиш-истаклари қай даражада инобатга олиняпти, деган савол туғилади.
Айтмоқчи бўлганимиз, Кенгаш алоҳида орган сифатида фаолият бошлаши бунга имкон яратади.
Тўғри, янги тартиб катта куч ва меҳнатни талаб қилади. Аммо бунга эриша олсак, олдимизга қўйган муҳим вазифалардан бири уддаланган бўлади. Шу боис Олий Мажлисга Адлия вазирлиги билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва котибиятлари ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув курсларини тизимли ташкил этиш тавсия этилди.
Ёқубжон Марқаев.