Депутатлар сайлов жараёнларидан ташқари вақтда нега фаоллик кўрсатмаяпти?

Жорий йилнинг 22 декабрида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Айни пайтда сайлов кампанияси бошланган ва ушбу муҳим воқелик маҳаллий ҳамда хорижий ОАВлар эътиборида.

Ушбу жараёнларда ёшларнинг ролини янада ошириш долзарб масала, сайловчиларнинг асосий қисмини ҳам айнан улар ташкил қилади.

Бугун, 4 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган очиқ мулоқот шу масалаларга бағишланди.

Вилоят ҳокимлиги, ёшлар иттифоқи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашлари, халқ таълими ва касб-ҳунар таълими бошқармалари томонидан ташкил этилган тадбир сиёсий партияларнинг дастурий фаолиятини акс эттирувчи кўргазма, махсус ролик намойиши билан бошланди.

Мулоқот жараёнида партиялар томонидан илгари сурилаётган 5 йиллик устувор ташаббуслар, сайловлар жараёнлари бошланиши билан сиёсий партияларнинг фаоллашиши, қолган вақтларда эса депутатларнинг саъй-ҳаракати сезилмаётгани муҳокама қилинди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.