Диван сотувчиси мия чайқалиши сабаб математика даҳосига айланди
Жейстон Паджетт бугунги кунда таниқли математик. У яқин кунларгача отасининг дўконида диван сотар ва ўзининг ақл-идроки билан ажралиб турмасди. Кейинчалик кутилмаганда бошига берилган зарба унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди...
Америкалик Жейсон Паджетт ҳеч қачон математикани яхши кўрмаган. Аксинча, у бу фанни ҳақиқатдан ажралган назарий фан, деб биларди. Паджетт коллежни ташлаб, узоқ вақт мебел дўконида сотувчилик қилди. У шовқинли ўтиришлар, қизлар ва севимли қизил “Шевролет” билан қизиқарди. 31 ёшида Жейсоннинг ҳаёти Такома шаҳридаги караоке бар олдида икки жиноятчи ҳужум қилгандан кейин тубдан ўзгарди.
Илк аломатлар
Ўша куни у дўстлари билан дам олаётган эди. Уйига қайтаётганида номаълум шахслар бошининг орқасига зарба билан урди ва нарсаларини ўғирлашди. Ҳатто, йиртилган курткасини ҳам олиб кетишди. Зарбадан сўнг ўзига келган Жейсон узоқ вақт давомида нима бўлганини ва қаердалигини тушумади, кўзи олдида фақат ёруғлик турарди. Касалхонага етказилган йигитда шифокорлар мия чайқалишини аниқлашди. Унга оғриқсизлантирувчи укол қилиб, ўша куниёқ уйига жавоб беришди. Кўп ўтмай, Жейсон кўчага чиқишдан қўрқадиган бўлиб қолди, деразаларига адёлларни осиб қўйди, ишга боришни ҳам тўхтатди. Унда обсессив-компульсив бузилиш ривожланганди.
Улкан пикселли камалак
Тажовуздан сўнг йигит янги кўриш доирасига эга бўлди. У ҳар қандай эгри чизиқли нарсаларни 90-йилларнинг бошларидаги компьютер ўйинларидаги тўртбурчак буюмлар сингари кўра бошлади. Крандан оқаётган сув, булутлар, кўлмак, камалак – Жейсон учун буларнинг барчаси энди пикселлардан иборат эди. “Мен ҳайрон бўлдим ва саросимага тушдим. Бу ниҳоятда чиройли ва шу билан бир пайтда, қўрқинчли эди”, деб кейинчалик тан олди Паджетт.
Ўша пайтда Жейсон ҳеч қаерга бормаган ва ҳеч ким билан мулоқот қилмаганлиги сабабли, интернет унинг учун билимнинг асосий манбаи бўлиб қолди. У фракталлар ҳақидаги сайтга дуч келди. Ушбу тушунчани кўплаб ўзаро боғланган кичикроқ қорлардан ташкил топган учқун мисоли изоҳлаш мумкин. Улар ўз навбатида, бошқа қор парчаларидан иборат бўлади ва ҳоказо... Фракталлар Паджеттга таниш бўлиб туюлди. У ушбу математик тушунчадан ҳайратда қолди, уни сўз билан тушунтириб беролмасдан, қўлига қалам олди.
Чизмалар, коллеж ва психологлар
Дастлаб Паджетт қўл билан расм чизди, сўнг чизгич ва циркуллардан фойдалана бошлади. Мингга яқин фрактал чизмалар шу тарзда пайдо бўлди. Энди у ҳар сафар қўлига дафтарини олиб, кўчага тез-тез чиқа бошлади. Жейсон ўзининг қўлида Коинотни англаш калити борлигига амин эди. Кунларнинг бирида ўтиб кетаётган киши унинг чизган расмларига эътибор қилиб, улардаги математик савияни юқори баҳолади. Физик бўлган киши Жейсонга математикага жиддий муносабатда бўлишни маслаҳат берди. Шундан сўнг Паджетт деразага осган адёлларни ечиб олиб, коллежга ўқишга кирди. Уч йиллик зоҳидликдан сўнг бу яхшилик аломати эди.
Жейсон маърузаларга қатнаша бошлади, психология билан шуғулланди ва тез орада бўлажак рафиқаси билан учрашди. Кечқурун у Маями университетининг неврологи, доктор Берит Брогаард билан соатлаб телефонда суҳбатлашарди. У Паджеттда синтезия борлигини тахмин қилди. Бу бир сезги органини қўзғатиш орқали бошқасига хос бўлган ҳиссиётни келтириб чиқарадиган ҳодиса. Бошқача қилиб айтганда, мия турли хил сезги сигналларини чалкаштиради. Синестетлар матнни ҳидлаш, рангларни эшитиш ва мусиқани кўриши мумкин. Ушбу ҳолат одамларнинг атиги 4 фоизида қайд этилган. Баъзилар ушбу ноёб қобилият билан туғилади. Бошқалар эса жароҳатланиш, қон томири ёки оғир аллергик реакциядан сўнг бу қобилиятга эга бўлади.
Даҳолик синдроми
Берит Броггарднинг фикрича, шикастланган мия жароҳати Паджеттга махсус синестезия шаклини келтириб чиқарган. Бу эса баъзи нарсаларнинг математик формулалар ва геометрик шаклларни кўришига сабаб бўлади. Ушбу назарияни синаб кўриш учун у Паджеттнинг миясини батафсил ўрганиш учун Финляндиянинг Аалто университетига таклиф қилди. Тахминлар тасдиқланди. Тадқиқотчилар америкаликнинг оддий одамларда бўлмаган, миянинг айрим қисмларига кира олиш имкониятига эга эканлигини аниқлади. Бундан ташқари, МРТ сканерлари унинг кўриш қобиғи миянинг математик ҳисоб-китоблар учун жавоб берадиган қисми билан бир вақтда ишлашини кўрсатди.
Финляндияда Жейсон Паджетт ўзини қийнаган саволларга жавоб топди. Унда орттирилган даҳолик синдроми ёки савант синдроми аниқланди. Шундан сўнг Паджетт “Struck by Genius” таржимаи ҳолини нашр этди ва фрактал тасвирларни сотишни бошлади. У буларни чиза оладиган жуда кам сонли кишилардан бирига айланганди. Энди Жейсон дунё бўйлаб саёҳат қилиб, математика ва ўзининг ғайриоддий тажрибалари ҳақида гапириб беради. Унинг мақсади ўзи каби, шунга ўхшаш ноёб ҳодисаларга дуч келган бошқа одамларга ёрдам бериш. Бу ҳикояларни кейинчалик сценарийга айлантириш учун ёзиб олади.
Кечиккан пушаймонлик
48 ёшли Жейсон Паджеттнинг кўзларида оддий нарсалар мураккаб кристалл нақшларга айланиб, геометрик шаклларни ҳосил қилади. “Мен буни ҳамма жойда кўраяпман. Сиз бундай нарсанинг принципиал жиҳатдан мумкинлигидангина ҳайратланган бўлар эдингиз”, деди у. Қандай қилиб караоке бар эшигида жароҳат олиб, диван сотувчиси ҳақиқий математик даҳога айланганини тасаввур қилиш ҳам қийин. Паджетт 17 йил олдин унга ҳужум қилган жиноятчиларни аниқлади ва уларни судга берди. Аммо улар жазоланмади. Шунга қарамай, улардан бири, бир неча йил ўтгач, математикдан кечирим сўраб хат юборди.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.